Ишонч, сармоя ва истиқбол: Тошкент - Анқара мулоқоти
Давлатлар ўртасидаги яқинлик тарих ва маданият билан бошланиши мумкин. Бинобарин, жараённинг узоқ муддатли қиймати иқтисодиёт, технология ва бошқа соҳалардаги умумий манфаатда намоён бўлади. Ўзбекистон ва Туркия муносабати ҳам шу йўлдан боряпти: бир вақтлар қардошлик туйғуси билан мустаҳкамланган алоқа бугун саноат кооперацияси, инвестиция, транспорт ва таълимни қамраб олган стратегик шерикликка айланди.
29-30 октябрь кунлари Анқарада ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилоти саммити арафасида икки томонлама ҳамкорликнинг янги имкониятлари алоҳида аҳамият касб этади. ЎзА мухбири сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев билан суҳбатда стратегик шерикликнинг бугунги мазмуни ва келгуси устувор йўналишларини муҳокама қилди.
– Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари тарихий яқинликдан кенг қамровли стратегик шериклик даражасига қандай кўтарилди?
– Бу жараён асосида ўзаро ишонч, сиёсий ирода ва умумий манфаат мужассам. 1991 йил Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олди, 1992 йил дипломатик муносабат ўрнатилди. Кейинги даврда ҳамкорлик турли босқичлардан ўтди. 2016 йил алоқаларга янги суръат берилди, 2022 йил эса ҳар томонлама стратегик шериклик мақоми қарор топди.
Бугун муносабатлар Президентлар мулоқоти билан бирга Ҳукуматлараро комиссия, Стратегик ҳамкорлик ва Ишбилармонлар кенгашлари орқали ҳам ривожланмоқда. Бу механизмлар келишувларни муайян соҳа ва лойиҳалар билан боғлаш имконини беради. Энг муҳими, шерикликни янги йўналишлар билан бойитиб, узоқ муддатли асосни мустаҳкамлайди.
– Иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда қайси йўналишлар кенгроқ имкониятга эга?
– Савдо ва инвестиция билан бир қаторда саноат кооперациясига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Туркиянинг ишлаб чиқариш ва технология соҳасидаги тажрибаси Ўзбекистон саноат салоҳияти билан уйғунлашса, қўшма корхоналар ташкил этиш ва тайёр маҳсулот экспортини ошириш имкони кенгаяди.
Кончилик ва металлургия, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва яшил энергетика истиқболли йўналишлар ҳисобланади. Бу жараёнда фақат сармоя жалб қилиш эмас, балки замонавий технологияни ўзлаштириш, маҳаллий мутахассислар тайёрлаш ва юқори қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш муҳим.
Товар айланмасини қисқа муддатда 5 миллиард долларга, узоқ истиқболда эса 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун тадбиркорлар ўртасидаги алоқани кенгайтириш, ўзаро савдони рағбатлантирувчи механизмлардан самарали фойдаланиш лозим.
– Транспорт ва логистика ҳамкорлиги Ўзбекистоннинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятини қай даражада кенгайтиради?

– Ўзбекистон ва Туркиянинг географик жойлашуви ўзаро транспорт занжирининг аҳамиятини кўрсатади. Яъни, Ўрта йўлак орқали Марказий Осиёни Кавказ, Туркия ва Европа бозори билан боғлаш имкони мавжуд. Шунингдек, Туркманистон ва Эрон орқали ўтувчи жанубий йўналиш ҳам транспорт алоқалари диверсификациясига хизмат қилади.
Айни жараёнда темир йўл ва порт инфратузилмасини ривожлантириш, логистика марказлари ташкил этиш, электрон ҳужжат айланишини жорий қилиш муҳим. Транспорт тизими самарадорлиги тадбиркорлар учун янги бозорларга чиқиш ва маҳсулотни рақобатбардош нархда етказиб бериш имкониятини кенгайтиради.
– Замонавий технология ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик икки давлат шериклигида қандай аҳамият касб этади?
– Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири – технология ва мутахассислар салоҳиятини бирлаштириш. Ҳарбий-техник соҳада кадрлар тайёрлаш, тажриба алмашиш, ҳарбий тиббиёт ва замонавий технологик ечимлар бўйича ҳамкорлик ривожланмоқда.
Келгусида техник хизмат кўрсатиш, айрим бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш ва муҳандислик кадрларини биргаликда тайёрлаш каби йўналишлар аҳамияти ортади. Рақамли технология ва кибер хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам янги имкониятлар яратади. Умуман, шериклик Ўзбекистоннинг миллий манфаати, мустақил ташқи сиёсати ва мавжуд халқаро мажбуриятларига мувофиқ ривожланмоқда.
– Келгуси йилларда Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигининг қайси йўналишлари халқларимиз ўртасидаги яқинликни янада мустаҳкамлайди?
– Таълим, туризм ва маданият алоқалари ҳамкорликнинг узоқ муддатли ижтимоий асосини ташкил этади. Қўшма таълим дастурлари, университетлар ўртасидаги алмашинув, илмий лойиҳалар ва мутахассислар тайёрлаш ёшлар учун янги имкониятлар очади.
Туризм соҳасида тарихий шаҳарлар, зиёрат масканлари ва маданий мерос объектларини биргаликда тарғиб қилиш орқали сайёҳлар оқимини ошириш мумкин. Тўғридан-тўғри ҳаво қатнови кенгайиши ҳам жараённи қўллаб-қувватлайди.
Менимча, шерикликнинг энг муҳим жиҳати давлатлар ва халқлар ҳаётида аниқ ифодаланишидир. Савдо ва инвестиция янги иқтисодий имконият яратса, таълим, туризм ва маданият ўзаро ишончни мустаҳкамлайди. Айни йўналишлар бир-бирини тўлдирган ҳолда, Ўзбекистон ва Туркия муносабатларини янги босқичга олиб чиқади.
Мусулмон Зиё, ЎзА