Йўқолган почта қутилари
Бир пайтлар газета ва журналларни почтачи уйимизга келтириб берарди.
Долзарб мавзу
Бир пайтлар газета ва журналларни почтачи уйимизга келтириб берарди. Кекса бўлса-да, маҳалламиздаги почтачи аёл газета-журналларга тўла сумкасини елкасига илганича, ўз ишини жуда пухта ва чаққон, бехато бажарган. Ўшанда хонадонларнинг почта қутилари турли нашрларга тўла бўларди. Пул ва бошқа жўнатмалар, турли квитанциялар, хат-хабарлар, яхши китоблар ўз эгасига вақтида етиб келарди. Ҳамон эсимда – олис шаҳардан бир қути арча ўйинчоқлари уйимизга бус-бутун ҳолда етиб келганди. Ҳозир бир қути шиша арча ўйинчоқни бошқа шаҳарга жўнатишни тасаввур қилинг.
Йиллар ўтди. Почтачилар неча бор ўзгарди. Мутолаага, обунага, босма нашрларга, эҳтимолки, айрим журналистларнинг ўз ишига муносабати ҳам ўзгардики, почтачининг ҳам вазифаси бошқачароқ тус олди. Энди баъзиларнинг туппа-тузук нашрлар қолиб, бўлмағур сайтлар, ижтимоий тармоқлардан "савод чиқараётгани" ҳам жуда афсусли ҳолат.
Кўп қаватли уйлар йўлагидаги почта қутилари бўшаб қолди. Кейинчалик темир-терсак ишқибозларининг дастидан бу қутиларнинг ўзи ҳам қайгадир ғойиб бўлди.
Беш-олти йиллар аввал, ёдингизда бўлса, нуронийларнинг нафақа пуллари почтахоналар орқали бериларди. Яна ҳам тўғрироғи, почтачи пулларни уйма-уй юриб, эгасига тарқатиши керак бўлса-да, кексалар ҳали тонг ёришмасиданоқ, почтага йўл олар, узундан-узоқ навбат кутишга мажбур эди. Ўшанда ҳам пул кимга етарди, етмаган эса эртаси куни яна тонгдан почтага чиқиб, навбат кутишга, почтачининг қош-қовоғига қараб, ялинишга мажбур бўларди.
Кимгадир қандай жўнатма келган бўлса, почтачи ўзи хонадонма-хонадон, "домма-дом" юришга эриниб, бирор қўни-қўшнидан айттириб юборар, "фалончи қўшнингизга айтиб қўйинг, жўнатма бор, келиб олиб кетсин" дерди.
Бир гал почтахонада бир тўп газета-журналлар уйилиб ётганига кўзим тушганди. Почтачи феъли суйган бирон одам газетами ёки невараларига журнал сўраса, қўшқўллаб тутқазиб юбораверарди. Болаликдан ошно нашрлар одамнинг кўзига оловдек кўринарди. "Ғунча", "Тонг юлдузи", "Гулхан", "Класс"... Яна қанча босма нашрлар. Улар эгасига ўз вақтида етказилмагани учун ҳам почтахонада йиғилиб қоларди...
Уч-тўрт йил бўлдики, нуронийлар эндиликда нафақани почтахона орқали олишига, сарсонгарчиликларга барҳам берилди. Кексалар почтачи аёлнинг қош-қовоғига қарашдан қутулди.
Эндиликда босма нашрларни ўз эгасига етказиш, турли жўнатмаларни ўз вақтида эгаларига элтиш, замонавий технологияларни жорий этиб, почта фаолиятида тезкорлик, ишончлилик тамойилларини жорий этиш давр талабига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 октябрда миллий почта тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида мазкур соҳа одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиши зарурлиги ҳақидаги қимматли фикр ва мулоҳазалари нечоғли долзарб эканини давр кўрсатмоқда. Зеро, бугун кўплар, наинки кўчада, балки уйда ҳам ниқоб тақишга мажбур бўлаётган мураккаб пайтда почтага эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортаяпти.