“XXI аср эпидемияси”: қонингизда қанд миқдори меъёридами?
Ёши қирқдан ошган инсон борки, мана шу савол қизиқтириши ва қонидаги қанд миқдорини текширтириб туриши лозим. Боиси, қандли диабет Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бежизга “XXI аср эпидемияси” дея эълон қилинмаган. Бу дунё бўйича ушбу касалликка чалинганлар сони қисқа фурсатда кўпайиб, одатдаги кўрсаткичлардан сезиларли даражада ошиб кетганини англатади.
Халқаро диабет федерациясининг сўнгги маълумотларига кўра, айни пайтда ер юзида 589 миллион нафарга яқин инсон қандли диабет хасталигидан азият чекмоқда. ЖССТнинг прогнозларига кўра, агар олдини олиш бўйича кескин чоралар кўрилмаса, бу кўрсаткич 2050 йилга бориб қарийб 1,5 миллиард нафарга етиши мумкин. Шу боис, 14 ноябрь – Халқаро диабетга қарши кураш куни бутун дунёда бу жиддий хавфга қарши жамоатчилик эътиборини кучайтириш учун муҳим сана ҳисобланади.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур касаллик яширин тарзда бошланиб, юрак-қон томир тизими, буйрак, кўз тўр пардаси ва асаб толаларига жиддий зарар етказади. Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари асосан нотўғри овқатланиш, камҳаракат турмуш тарзи, сурункали стресс, генетик мойиллик ҳамда ортиқча вазн билан бевосита боғлиқ. Углеводлар ва ширинликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш оқибатида организмда инсулин гормонига нисбатан сезгирлик камаяди ва қондаги қанд миқдори назоратдан чиқади.
Бу, ўз навбатида, инсулинрезистентликни келтириб чиқариб, иккинчи турдаги қандли диабетнинг ривожланишига замин яратади.
– Ҳозирги кунда тиббиёт ва илм-фан жадал ривожланиб, касалликни эрта босқичда аниқлаш ҳамда уни бошқариш имкониятлари кескин кенгайди, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Нозимахон Назарова. – Замонавий глюкометрлар, узлуксиз гликемик мониторинг аппаратлари ва инновацион дори воситалари беморларнинг ҳаёт сифатини сақлаб қолишга катта ёрдам бермоқда. Бироқ энг асосий ечим инсоннинг ўз соғлиғига бефарқ бўлмаслиги, вазнини назорат қилиши ва йилда камида бир марта профилактик текширувлардан ўтишидир.
Юртимизда ҳам ушбу глобал муаммога қарши курашиш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикасини кучайтириш, эндокринология хизматини такомиллаштириш ва аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига устувор эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 26 янвaрдаги “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорига мувофиқ, ҳар йили камида бир марта 40 ёшдан ошган аҳолини қандли диабет ва диабетолди ҳолатлари юзасидан мақсадли скрининг қилиш тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, беморларни тиббий кузатишнинг янги модели жорий этилиб, тиббиёт бригадаларини глюкометрлар билан таъминлаш, оилавий шифокорлар малакасини ошириш, шунингдек, айрим тоифадаги беморларни инсулин препаратлари ва ўз-ўзини назорат қилиш воситалари билан бепул таъминлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. «Ўзбекистон-2030» стратегиясида эса 40 ёшдан катталар орасида қандли диабетни эрта аниқлаш даражасини 2030 йилга бориб 70 фоизга етказиш мақсади аниқ белгилаб қўйилган.
– Жорий йил 27 октябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам давлатимиз раҳбари қандли диабетга қарши курашиш бўйича дастурларни изчил давом эттириш зарурлигини алоҳида таъкидлади, – дейди Н.Назарова. – Берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ушбу хасталикни ташхислаш, даволаш ва унинг асоратларининг олдини олишга қаратилган янги ёндашувлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, эндокриник касалликларнинг олтита асосий гуруҳи бўйича беморларни тиббий ёрдамнинг тегишли босқичларига ўз вақтида йўналтириш концепцияси ишлаб чиқилди.
Қайд этилишича, бу борада халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон диабет жамғармаси билан ҳамкорликда қандли диабетни даволаш сифатини ошириш ҳамда унинг асоратларини барвақт олдини олишга қаратилган махсус лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. Дастлаб Сирдарё вилоятида муваффақиятли синовдан ўтказилган илғор тажрибани эндиликда Тошкент шаҳрининг айрим туманлари ҳамда Нукус шаҳрида ҳам жорий этиш бошлаб юборилди. Лойиҳа доирасида оилавий шифокорлар ва ҳамшираларнинг касбий малакасини ошириш, касалликни эрта босқичда аниқлаш ҳамда беморларни доимий тиббий кузатувда сақлаш механизми янада мустаҳкамланмоқда.
Халқаро диабетга қарши кураш куни муносабати билан республикамизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли скрининг ва тарғибот тадбирлари уюштирилмоқда. Оилавий поликлиникалар, бозорлар ва гавжум савдо мажмуаларида фуқароларнинг қондаги глюкоза миқдорини аниқлаш бўйича бепул тиббий текширувлар ўтказилаётир. Мазкур акция давомида мутахассислар фуқароларга тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш, ортиқча вазннинг олдини олиш ва қандли диабет хавфини камайтириш юзасидан зарур амалий тавсиялар беряпти.
Қондаги қанд миқдори меъёрдан юқори ёки шубҳали натижалар қайд этилган шахслар эса зудлик билан қўшимча чуқур текширувларга йўналтирилмоқда.
Келгусида аҳолини профилактик кўриклар билан қамраб олиш кўламини янада кенгайтириш, бирламчи тиббиёт бўғини билан интеграцияни мустаҳкамлаш ҳамда касалликка қарши курашишда илғор замонавий ёндашувларни кенг қўллаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга эришилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА