Тиббиёт: ривожланиш, назорат ва инновациялар
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Туркияга сафари доирасида «Marmara Teknokent» технопарки вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда биофармацевтика соҳасини ривожлантириш, технологиялар трансфери ҳамда инвестицияларни жалб этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Учрашув чоғида технопаркнинг илмий тадқиқотлар, ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни бирлаштирувчи инфратузилмаси ҳамда стартап лойиҳаларни тижоратлаштириш босқичигача қўллаб-қувватлаш тажрибаси тақдим этилди.
Томонлар илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари (R&D) билан шуғулланувчи компанияларни саралаш ҳамда лойиҳаларини баҳолаш механизмлари юзасидан фикр алмашди. Келгусида биофармацевтика, дори воситалари ишлаб чиқариш ва клиник тадқиқотлар йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, тажриба алмашиш семинарларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
***
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази – Gustave Roussy International Ўзбекистон тиббиёт марказида рақамли патологияга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда рақамли патология тизимларини амалиётга жорий этиш, замонавий диагностика имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳадаги халқаро тажрибалар атрофлича муҳокама қилинди.
Семинар давомида патологик материалларни рақамлаштириш, диагностика жараёнларининг аниқлиги ва тезкорлигини ошириш, шунингдек, масофавий эксперт консультацияларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир рақамли технологияларни тиббий амалиётга кенг татбиқ этиш ва даволаш сифатини янада яхшилаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
***
Санитария-эпидемиологик осойишталикни сақлаш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси Сергели тумани бўлими мутахассислари томонидан сув истеъмоли юқори бўлган нуқталардан махсус намуналар олинди.
Мазкур намуналар лаборатория шароитида санитар-кимёвий, бактериологик ҳамда органолептик кўрсаткичлар бўйича чуқур текширувдан ўтказилди. Таҳлил натижаларига кўра, туман аҳолисига узатилаётган ичимлик сувининг барча физик-кимёвий ва микробиологик хусусиятлари белгиланган давлат стандартлари ва меъёрларига тўлиқ мос келиши аниқланди. Ушбу назорат тадбирлари аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ҳамда тоза сув билан узлуксиз таъминлаш мақсадида доимий равишда давом эттирилмоқда.
***
Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказида шифохона ичи инфекцияларининг олдини олишга қаратилган назорат тадбири ўтказилди. Тиббиёт муассасасида санитария қоидалари, гигиена меъёрлари ҳамда профилактика талабларига риоя этилиши ҳолатлари атрофлича ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида аниқланган айрим камчиликлар юзасидан масъул мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди. Шу билан бирга, ушбу камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик ҳамда эпидемиологик хавфсизлик талабларини сўзсиз бажариш бўйича муассаса масъулларига тегишли тавсиялар берилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА