Вугар Раҳимзода: Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлиги туркий дунё бирлигига ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда
Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Вугар Раҳимзода Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари сўнгги йилларда стратегик шерикликдан иттифоқчилик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Бу ҳақда у Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Экспертнинг қайд этишича, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги юқори даражадаги сиёсий ишонч, мунтазам ташрифлар ва эришилаётган келишувлар муносабатларнинг жадал ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Унга кўра, сўнгги беш йилда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга икки марта давлат ва тўрт марта ишчи ташрифни амалга оширган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса Озарбайжонда икки давлат ва етти ишчи ташриф билан бўлган.
Вугар Раҳимзода икки мамлакат ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий база ҳам кенгайиб бораётганини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирга қадар 220 дан ортиқ ҳужжат имзоланган. 2023 йилда ташкил этилган Олий давлатлараро кенгаш эса стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштиришнинг муҳим институционал механизмига айланган.
Депутат Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган “Озарбайжон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида”ги шартномани икки давлат муносабатларининг келгуси ривожи учун муҳим ҳужжат сифатида баҳолади. Унинг фикрича, мазкур шартнома икки халқ ўртасидаги абадий дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг расмий ифодаси бўлиб, муносабатларнинг кейинги босқичи учун йўл харитаси вазифасини ўтайди.
Раҳимзода энергетика, транспорт, илм-фан, таълим, туризм ва инвестиция соҳалари ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланганини қайд этди. Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги биродарлик алоқалари кенгайиб, қатор шаҳарлар ўзаро қардош шаҳарларга айланганини таъкидлади.
Эксперт Ўзбекистоннинг Озарбайжоннинг озод этилган ҳудудларини тиклашдаги иштирокини ҳам икки давлат ўртасидаги дўстлик ва биродарликнинг амалий намунаси сифатида кўрсатди. Унинг таъкидлашича, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик нафақат икки томонлама муносабатларга, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва транспорт алоқаларининг чуқурлашишига ҳам хизмат қилмоқда.
Вугар Раҳимзоданинг фикрича, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларининг мустаҳкамланиши Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик ва туркий дунё бирлигига ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА