Вояга етмаганлар тарбияси эътиборда
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура органларининг вояга етмаганлар ҳақидаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналиши юклатилган ходимлари иштирокида соҳада қонунчиликнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни таъминлаш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар белгиланиб, умумтаълим мактаблари билан янгича ишлаш механизмлари ва йўналишлари бўйича тегишли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, ота-она қарамоғидан айрилган ва етим болаларни уй-жой билан таъминлаш, қаровсиз ва ижтимоий жиҳатдан хавфли оилаларда тарбияланаётган болалар билан ишлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, васий ва ҳомий тайинлаш, вояга етмаганлар жиноятчилигини олдини олиш борасида назоратни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Соҳада аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича прокурор назоратини ўрнатиб, қонун бузилиши ҳолатлари келиб чиқишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни олдини олиш, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар берилиши белгиланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.