Вояга етмаган шахсларга айрим давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Вояга етмаган шахсларга айрим давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Ўқувчининг доимий ёки вақтинча яшаш учун хорижий давлатга кетаётгани сабабли уни таълим ташкилоти ўқувчилари сафидан чиқариш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.
Қарорга мувофиқ, икки ой муддатда маъмурий регламентларга мувофиқ давлат хизматларининг ЯИДХП орқали кўрсатилиши йўлга қўйилади.
ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий этилади.
Ваколатли органлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартиби бажарилиши юзасидан уларнинг фаолияти бўйича, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатилади.
Маъмурий регламентлар талабларини бузганлик учун ваколатли органлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўлланади.
Мазкур Маъмурий регламент вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 28-моддасига асосан ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин.
Ота-онанинг, фарзандликка олувчиларнинг ёки ҳомийнинг розилиги бўлмаган тақдирда, вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш суднинг қарори билан амалга оширилади.
Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ва Ўзбекистан Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими ижтимоий ходим орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан кўрсатилади.
Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
ЎзА