Вояга етмаган шахсга транспортни бериш жавобгарликка сабаб бўлади
Вояга етмаган шахсларга автотранспорт воситаларини бошқаришга бериб қўйиш, аҳоли пунктлари ҳудудида ноқонуний пойга ташкил этиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Оқибатда турли йўл-транспорт ҳодисалари, автоҳалокатлар содир бўлмоқда. Энг ачинарлиси, бундай эҳтиётсизликлар кўплаб инсонларнинг бевақт дунёдан кўз юмишига сабаб бўлмоқда.
Қонунчилигимизда вояга етмаган шахсни озодликдан маҳрум этиш мумкин эмас. Лекин улар томонидан содир этилган автоҳалокатлар оқибатида ҳалок бўлган инсонларнинг яқинлари айбдор жазосиз қолишига эътироз билдиради.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган ҳамда Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бугун Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан вояга етмаган шахсга транспортни бошқаришга топшириш, ноқонуний пойга ташкил этиш ва бевосита иштирокчи сифатида қатнашганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, юк машиналари тунги вақтда йўл четида ҳаракат иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда тўхтаб туриши ёки уларни ташлаб кетиш, транспорт воситасини бошқаришда белгиланган тезликни 80 км/соатдан ортиқ юқори тезликда ошириш каби қоидабузарликлар учун алоҳида маъмурий жавобгарлик нормалари назарда тутилмоқда.
— Ушбу қонун лойиҳасида вояга етмаган шахсларга автотранспорт воситасини бошқаришга берилиши оқибатида юзага келган оғир ҳолатларда озодликдан маҳрум қилиш ва транспорт воситасини 6 ой муддатга мусодара этиш кўзда тутилмоқда, — деди фракция аъзоси Ноиба Иноятова. — Шунингдек, юк машиналарини тунги вақтда йўл четида ҳаракат иштирокчиларига ноқулай ҳолатда қолдириб кетганлик учун транспорт воситасини мусодара қилиш ва озодликдан маҳрум қилиш масаласи белгиланмоқда. Лойиҳанинг қабул қилиниши турли йўл-транспорт ҳодисаларини бартараф этиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Йиғилишда таъкидланганидек, амалда қўлланилган жарима ва 15 сутка қамоқ жазоси транспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ва маҳрум этилган шахс содир этган “йўл безорилиги” учун қўшимча равишда транспортни мусодара қилиш ёки транспортни вақтинча олиб қўйиш жазо санкциялари билан оғирлаштирилиши белгиланмоқда.
Муҳокамаларда бир қатор саволлар ўртага ташланди ва масъуллар томонидан тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг йиғилишда фракция аъзоларининг шу йил 29 июль - 1 август кунлари сайлов округларида ўтказган учрашувларининг якунлари ҳам кўриб чиқилди. Маълум қилинганидек, депутатлар ўз сайлов округларидаги маҳаллалар, хонадонлар ва ижтимоий-иқтисодий объектларда бўлиб, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотлар ўтказди. Шунингдек, аҳоли мурожаатлари асосида бир қатор масалалар жойида ҳал этилиб, тизимли масалалар юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА