“Volkswagen” автомобиль савдосида сўнгги тўрт йилдаги энг кескин пасайиш кузатилди
ГФРнинг машҳур “Volkswagen” автоконцерни жорий йилнинг учинчи чорагида глобал автомобиль етказиб бериш ҳажми 14,3 фоизга камайганини маълум қилди. Бу сўнгги тўрт йилдан ортиқ вақт ичидаги энг кескин пасайиш бўлиб, унга асосан компаниянинг энг йирик бозори ҳисобланган Хитойдаги савдонинг сустлашгани сабаб бўлди.
Таъкидланишича, савдо ҳажмининг асосий кўрсаткичи бўлган етказиб бериш миқдори чорак давомида 1,89 миллионта автомобилгача тушиб кетган. Хусусан, ХХРга автомобил етказиб бериш уч ойда 38,5 фоизга, йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 30,2 фоизга қисқарган. Кўрсаткичлар Шимолий Америкада 5,8 фоизга ва Ғарбий Европада 2,8 фоизга пасайган бўлса, Марказий ва Шарқий Европада 1,4 фоизлик кичик ўсиш кузатилди.
Компания раҳбарияти вакили Мартин Сандер Хитой бозоридаги бу кескин пасайиш бутун автомобильсозлик соҳаси учун жиддий синовга айланганини таъкидлади.
Немисларнинг бошқа брендлари ҳам кучли босим остида. Аввалроқ “Porsche” ва “Mercedes-Benz” компаниялари ҳам Хитойдаги савдо кўрсаткичлари ёмонлашганини маълум қилган эди.
Бундан ташқари, Европада электромобилларга бўлган талаб қарийб 20 фоизга ошганига қарамай, Хитойдаги сустлик ва маҳаллий брендларнинг аёвсиз рақобати сабаб “Volkswagen” компаниясининг глобал электромобиль етказиб бериш ҳажми чорак давомида 5 фоизга қисқарди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА