Водий қишлоқларидаги аҳоли даромади ошмоқда
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ҳамда “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси” (IFAD) вакиллари Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларига ташриф буюрди.
“Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижасини ўрганиш мақсад қилинган ушбу ташриф давомида тижорат банклари, вилоят ҳокимликлари ва бошқа масъул ташкилотлар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Иштирокчилар жаҳон тажрибасига таянган ҳолда ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, тавсиялар берди.

Қайд этиш керакки, жамғарма томонидан лойиҳага жами 92,4 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилган бўлиб, шундан 1,1 миллион АҚШ доллари грант ҳисобланади. Лойиҳани амалга оширишнинг асосий мақсади Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги қишлоқ аҳолиси даромадлари, турмуш тарзини яхшилашга қаратилган.
Бу борада айнан республикамизнинг водий вилоятлари танланиши ҳам бежиз эмас. Аҳолининг миришкорлиги, ер майдонига нисбатан зичлиги, мўътадил иқлим ва юқори салоҳиятини инобатга олган ҳолда лойиҳани айнан Фарғона водийсида амалга ошириш мақсад қилинган.

Лойиҳа ўз бизнесини ривожлантириш учун сармояга муҳтож бўлган, аммо маблағ етишмаслиги ёки гаров талаблари каби чекловларга дуч келган қишлоқ корхоналарига қаратилади.Лойиҳа доирасида 2023 йилнинг шу даврига қадар 49,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ жалб қилиниб, натижада 3 478 та янги иш ўрни яратилган.
Ушбу имкониятлардан мамнун Наманган вилояти Норин тумани Зарбдор маҳалласи фаоли лойиҳа масъулларига ҳудудда жойлашган “Дилдора” Фермер хўжалигида бугунги кунда 16 та ишчи ўрни яратилганини ва уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этишини таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимликлари ва сув хўжалиги ташкилотлари билан ҳамкорликда 25 та суғориш қудуғи учун лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳудудларни суғориш тизимлари билан таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Натижада 156 та фермер хўжалиги сув билан таъминланиши кутилмоқда.

Лойиҳадан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда молиялаштиришнинг ўзига хос талаблари бор. Биринчи босқичда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри ва Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 2 та ветеринария клиникаси қурилиб, чорва ҳайвонларида жарроҳлик амалиётини ўтказиш ва даволаш учун барча асбоб-ускуналар билан жиҳозлаб фойдаланишга топширилган. Бу мазкур ҳудудда чорвачилик яхши ривожланганлиги ва чегара ҳудуд экани борасидаги хулосалардан сўнг амалга оширилган.
Ҳозирда лойиҳанинг иккинчи босқичи маблағлари ҳисобидан Наманган вилоятида ҳам ветеринария клиникасини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Лойиҳа кўмагида “Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш” давлат жамғармасидан кредит қиймати 161,3 миллиард сўм миқдоридаги 811 та суб-лойиҳа учун 70,1 миллиард сўм кафиллик маблағлари ажратилди. Ўз навбатида лойиҳа кредит линиясининг йиллик фоиз устамаси сезиларли даражада пасайиши натижасида тадбиркорлик фаолиятини олиб боришда катта имтиёз бўлиб хизмат қилади.
Чекка туман қишлоқларда яшаётган тадбиркорликка қизиқиши бор аёллар учун лойиҳанинг қулайликлари ва натижалар ҳақида водий вилоятларида “Ишбилармон аёллар” ассоциацияси билан ҳамкорликда ўқув семинарлари ташкил қилинган. Тадбиркорликка қизиқиши бор ва шу йўналишда фаолият олиб бораётган 245 нафар аёл суб-лойиҳаларда иштирок этган ва уларга 17,1 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Дарҳақиқат, бу каби амалга оширилган ишлар салмоғи талайгина, режалар эса улкан. Энг муҳими, минглаб инсонларнинг бу лойиҳадан манфаатдорлиги ва мамнунлигидир.
Абдулазиз Рустамов, ЎзА