Вобкентлик ғаллакорлар вилоятда биринчи
Бу йил Бухоро вилояти Вобкент туманида ғаллачилик тармоғидаги 338 та фермер хўжалигидаги 6 минг 661 гектар майдонда буғдойнинг “Алексеевич”, “Васса”, “Бобур”, “Аҳмад” каби серҳосил навлари экилиб, парваришланди.
Айни ёз мавсумида ҳосилни тез ва сифатли йиғиб олиш ишлари ҳам уюшқоқлик билан давом этмоқда. Туманда 27 та ўрим-йиғим отряди ташкил этилди. Ҳар бир отрядга юқори унумли комбайн бириктирилди. Уларнинг иш унумдорлигини ошириш мақсадида даланинг ўзида сервис хизмати, ёқилғи-мойлаш материаллари таъминоти узлуксиз ташкил этилди. Бунинг натижасида ҳар бир отряд томонидан бир кунда ўртача 1100 тонна ердаги ғалла ўриб-йиғиб олиниб, қабул масканларига етказилди.

Давлат раҳбари бошчилигида қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар, ғалла етиштириш бўйича илғор тажрибалардан унумли фойдаланиш, соҳада моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шу билан бирга ерга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгарганлиги далаларда мўл ҳосил етиштиришга замин яратди.

Ўрим-йиғимнинг 20 иш кунида ҳар гектар майдондан олинган ҳосилдорлик салмоғи 70 центнерни ташкил этди. Қабул масканларига 19 минг 966 тонна ўрнига 20 минг тоннадан ортиқ буғдой етказиб берилди. Бундай ютуққа эришишда тумандаги пешқадам фермер хўжаликларининг ҳиссаси салмоқли бўлди. Пешқадам фермер хўжаликларда ҳар гектар ғалла майдонидан 85 центнергача ҳосил олинди.
Режа бажарилди, далада эса ҳосил мўл. Ҳозирда ўрим-йиғим якунида туманнинг ялпи ғалла хирмонини 50 минг тоннадан ошириш кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.