Вобкентда замонавий агрологистика марказига асос солинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилояти Вобкент туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспортга тайёрлашга ихтисослашган замонавий агрологистика ва омборхона маркази қурилиши бошланди.
Лойиҳа “MB IMPORTERS” масъулияти чекланган жамияти томонидан икки босқичда амалга оширилади. Унинг умумий қиймати 3 миллион 800 минг АҚШ долларини ташкил этади. Бунинг учун 1,29 гектар ер майдони ажратилган.
Мажмуа “Паноб” кичик саноат зонаси ҳудудида барпо этилади. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш, 5 минг тоннагача маҳсулотни узоқ муддат сақлаш, божхона расмийлаштируви ва логистика хизматлари ягона тизим асосида йўлга қўйилади. Бу каби комплекс республикада илк бор ташкил этилмоқда.
[gallery-30570]
Лойиҳа доирасида замонавий омборхона, тезкор логистика ва экспортга йўналтирилган тезкор-етказиш хизматлари ҳам ташкил этилади. Мажмуа тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига 640 миллиард сўмлик маҳсулот айланмаси таъминланиши, давлат бюджетига 38 миллиард сўмдан зиёд тушум келтириши ҳамда 30 миллион АҚШ доллари миқдорида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар айланмасига эришилиши кутилмоқда.
Шунингдек, корхонада 85 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланади. Лойиҳа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашдаги йўқотишларни камайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва ҳудуднинг логистика инфратузилмасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА