Обод маҳалла — фаровон ҳаёт мезони
Маҳалла — инсон қадри эъзозланадиган, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик қарор топган муқаддас маскан. Шу боис кейинги йилларда юртимизда маҳаллалар қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳоли яшаш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни янада обод этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
— Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Гулистон туманида ҳам “Маҳаллаларда ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” юқори савияда ташкил этилди. Бугун туманнинг барча маҳаллаларида ҳашарлар, санитария-тозалик тадбирлари, таъмирлаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кенг қулоч ёйган,— дейди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Гулистон туман бўлими бошлиғи Шуҳрат Хушмуродов.

Айни пайтда Гулистон туманида 24 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда қарийб 17 минг 938 та хонадон, ушбу хонадонларда эса 86 минг 400 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ойлик доирасида амалга оширилган ишлар ҳажми эса бугуннинг ўзидаёқ салмоқли натижаларни намоён этмоқда.

Хусусан, 83 та хонадонда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 24 та хонадоннинг том қисми таъмирланди, 71 та уйнинг ташқи фасади тартибга келтирилди. Шунингдек, 56 та ошхона, 26 та ювиниш хонаси, 26 та тандирхона таъмирланди, 6 та хонадоннинг эски ойна ромлари янгисига алмаштирилди.
Ҳудудларни озода сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 552 та хонадонга қарашли 6 минг 346 сотих ер майдони бегона ўтлардан тозаланди. 36 та кўп қаватли уйдан 33 тасида таъмирлаш ва санитария ишлари бажарилди. 363 метр ариқ ва лотоклар тозаланди, кўп қаватли уйлардаги 99 та кириш йўлаги тартибга келтирилди, уларнинг 6 таси таъмирланди. Бундан ташқари, 1 485 туп манзарали дарахтга шакл берилиб, маҳаллалар кўрки янада очилди.
Ушбу ишларга жами 279 миллион 348 минг сўм маблағ йўналтирилди. Маблағнинг 118 миллион 270 минг сўми маҳалла жамғармаси, 99 миллион 682 минг сўми ҳомийлар, 53 миллион 869 минг сўми эса хонадон эгалари ҳиссасига тўғри келади. Бу рақамлар маҳаллаларни обод қилишда давлат, жамоатчилик ва аҳолининг бир мақсад йўлида бирлашганини кўрсатади.

Тумандаги Аҳиллик маҳалласида ҳам бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. 3 минг 234 нафар аҳоли истиқомат қилаётган ушбу маҳаллада деҳқончилик, чорвачилик ва хизмат кўрсатиш соҳалари аҳоли даромадининг асосий манбаи ҳисобланади.
Жорий йилда маҳаллада 65 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Уларнинг бир қисми доимий ишга жойлаштирилган бўлса, бошқалари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди ёки ўзини ўзи банд қилди.

Инфратузилмани яхшилаш борасида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилди. 106 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 7,5 километр СИП электр тармоғи тортилди. Иккита янги трансформатор ишга туширилди, яна иккитаси таъмирланди. Ҳозирда 8,3 километр ичимлик суви тармоғи ва 10 километр канализация тизими янгиланмоқда. Олти кўча қуёш панеллари асосида ишлайдиган замонавий тунги ёритиш чироқлари билан таъминланди.

Шунингдек, аҳолини йиллар давомида қийнаб келган йўл ва суғориш муаммолари ҳам ечим топмоқда. Олти кўча асфалтлаштирилди, Пахтакор канали капитал таъмирланиб, томорқалар ҳамда фермер хўжаликларига сув етказиб бериш имконияти анча яхшиланди.

Маҳаллада аҳоли бандлигини янада ошириш мақсадида Истиқлол кўчасида узунлиги 500 метр бўлган узум токи сўриси барпо этилмоқда. Куз мавсумида бу ерга узум кўчатлари экилиб, лойиҳа маҳалла аҳолиси учун қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
— Маҳалламизда ободонлаштириш ишлари аҳолининг бевосита иштирокида амалга оширилмоқда. Ҳар бир кўчанинг қиёфаси, ҳар бир хонадоннинг тартиби маҳалла обрўси эканини яхши англаймиз. Шу боис бор куч ва имкониятимизни сафарбар этганмиз. Камчиликлар, муаммолар йўқ эмас, албатта бор. Бироқ уларни маҳалла еттилиги, фаоллар ва фуқаролар билан биргаликда қисқа муддатда бартараф этамиз, — дейди “Аҳиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Юсуфжон Милтиқбоев.


Дарҳақиқат, маҳаллаларда кечаётган бугунги бунёдкорлик ишлари фақат ҳудуд қиёфасини ўзгартириш билан чекланмайди. Энг муҳими, улар инсонларнинг турмуш сифати ва кайфиятини яхшилашга, ҳамжиҳатлик ва дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Зеро, обод маҳалла — фаровон ҳаётнинг энг ишончли пойдеворидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири