Вилоят ҳокими Тўрақул отани йўқлади
Давлат раҳбари Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан 100 ёшдан ошган бир гуруҳ юртдошларимизни “Шуҳрат” медали билан мукофотлади. Улар орасида Бухоро вилояти Қоракўл туманида яшовчи 105 ёшли Тўрақул ота Тангриев ҳам бор.
Бугун “Хўжакон” маҳалласидаги отахон яшайдиган хонадон вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, жамоатчилик ва маҳалладошлари билан янада гавжум бўлди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Президент номидан Тўрақул отани табриклади. Унинг кўксига “Шуҳрат” медалини тақди. Байрам совғаларини топширди.

Тўрақул ота чинакамига меҳнатдан бахт топганлардан. Ўзининг айтишича, 40 йил давомида колхозда механизаторлик қилган. Қишлоқ хўжалиги ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. Пахта экиш, чопиқ қилиш, сув қуйиш, пилла боқишда катта муваффақиятларга эришиб, хўжаликнинг бошқа аъзоларига ўрнак бўлиб келган. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам фронт ортида туриб халқи, юрти учун ўзининг меҳнатини аямаган. Қолаверса, Қоракўл туманида бўз ерларни ўзлаштириш, шўрхок майдонларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда намуна кўрсатган заҳматкаш сифатида кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган.
Ҳалол меҳнати ортидан турмуш ўртоғи Ҳидоят ая билан 4 ўғил, 4 қизни тарбиялаб, вояга етказган. Бугунги кунда улар халқ хўжалигининг турли жабҳаларида меҳнат қилмоқда.

Қаҳрамонимиз эса фарзандлари, келинлар, 22 нафар невара, 7 нафар эвара, шу билан бирга маҳалладагиларнинг ардоғи, давлатимизнинг ғамхўрлиги остида умргузаронлик қилмоқда.
Тўрақул ота ушбу кунларга етказгани учун Яратганга шукур айтиб, одамларнинг фаровон яшаши йўлида хизмат қилаётган давлатимиз раҳбариятига соғлик-омонлик сўраб, дуо қилди.
Тўкин дастурхон атрофида ўтган самимий суҳбатда юртимиздаги осойишта кунлар, маҳаллаларда одамларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, эъзоз ва қадр топаётган нуронийлар ҳаёти бош мавзу бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА