Вилоят ҳокими талабалар билан мулоқот ўтказди
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида бўлиб, мазкур илм даргоҳида талабаларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди, улар билан мулоқот ўтказди.
Мулоқотда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, хусусан, юрт тараққиёти ва равнақини бевосита тақдири билан боғлаётган талаба-ёшлар ҳамиша эътиборда эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, мулоқот давомида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар, уларнинг Андижондаги ижроси хусусида сўз юритилди.
– Бугун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, умуман, ёшларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда, - дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Шу жумладан, вилоятдаги олий ўқув юртлари талабаларини ўқиб, пухта билим олиши, илмий-тадқиқотлар олиб бориши, ўз соҳасининг малакали мутахассиси сифатида камол топиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётган фаол ва ташаббускор ёшларимиз сафи жуда кенг. Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан икки йил аввал ташкил этилган Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти талабалари ҳам келгусида юртимиз равнақига хизмат қиладиган ёшлар қаторидан муносиб жой олишига ишонаман.
Мулоқот жараёнида вилоят ҳокими талабаларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА