Виктор Орбаннинг Ўзбекистонга ташрифи – муҳим воқеа
Халқаро экспертлар фикри
Мартон Краснай, Матвей Корвин номидаги Будапешт университети ҳузуридаги Марказий Осиёни ўрганиш маркази директори:
– Венгрия ҳамкорлик қиладиган Осиё мамлакатлари ичида Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллайди. Бизни муштарак тарих ва маданият бирлаштиради. Ўзбекистон пандемия даврида биринчилардан бўлиб Венгрияга ёрдам қўлини чўзган. Ўша пайтларда жаҳон бозорида энг тақчил бўлган тиббий ниқоблар етказиб берганини мамнуният билан эслаймиз.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун барча шарт-шароит яратилган. Бунинг натижасида мамлакатларимиз ишбилармон доиралари вакиллари фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 2017-2018 йилларда ўтиш жараёни тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилганидек, Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёда ислоҳотларни амалга ошириш бўйича минтақада етакчи мамлакатга айланди, энг илғор давлатлар ўнталигига кирди.
Ишончим комил, Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада жадаллаштириш мумкин. Масалан, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги тез ривожланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Венгрия компаниялари сувни тежайдиган технологиялар борасида замонавий ишланмаларни таклиф этмоқда. Ноябрь ойида барқарор ривожланиш бўйича бўлиб ўтадиган “Будапешт сайёраси” саммити Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришига ишонаман.
Пал Гьене, Будапешт бизнес мактаби доценти, Евроосиё ва Марказий Осиё минтақаси бўйича эксперт:
– Ўзбекистон – Будапештнинг Марказий Осиёдаги, айниқса, Венгрия кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этаётган Туркий кенгашдаги муҳим шериги ҳисобланади. Ўзбекистон билан ҳамкорлик Венгрия учун катта имкониятлар очади. Жумладан, фармацевтика тармоғи мамлакатларимиз учун истиқболли. Бундан ташқари, венгриялик мутахассислар Ўзбекистон атом электр станцияси учун ходимларни ўқитишда иштирок этади.
Ташриф чоғида Венгрия компаниялари ўзбекистонлик шерикларига 3 мингта банкомат тақдим этиши айтилди. Бу икки мамлакат банк-молия тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришда амалий қадамлардан биридир.