Видеоселектордаги топшириқлар ижроси амалда
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 11 апрель куни “Ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини юксалтириш” мақсадида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга бир қатор топшириқлар берилди.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ушбу видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари томонидан юклатилган топшириқлар ижросидан келиб чиқиб, Жиззах шаҳридаги ўзига бириктирилган 1-сектор ҳудудида яшовчи ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари билан учрашди.

Мазкур видеоселектор йиғилиши давомида ҳар бир ҳудуддаги алоҳида эътиборга, ижтимоий-моддий жиҳатдан давлатнинг ёрдамига муҳтож бўлган ёшлар рўйхатини шакллантириш ва уларни вилоят, туман, шаҳар ҳокимларига шунингдек, сектор раҳбарлари ва ташкилот раҳбарларига бириктириш, муаммолари ечимини излаш, ғамхўрлик қилиш ва доимий қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддилар зиммасига аниқ топшириқ ва вазифалар юклатилганди.

Учрашув давомида ёшлар томонидан иш билан таъминлаш, уй жой, банк имтиёзли кредити ҳамда субсидия маблағлари муаммоси, ер ажратиш ва бошқа шу каби масалалар юзасидан мурожаатлар бўлди.

Кўтарилган ҳар бир муаммо ижобий ҳал этилиши борасида вилоят ҳокими томонидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Ижроси вилоят ҳокими назоратига олинди.
Жиззах вилоятининг бошқа секторларида ҳам ёшлар ва сектор раҳбарларининг учрашувларини ташкил этиш белгиланган.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА