Венгрия олий ўқув юртлари раҳбарлари Жиззахда
Венгрия давлатининг олий ўқув юртлари раҳбар ва профессорларидан иборат делегация Жиззах вилоятида фаолият кўрсатаётган олий ўқув юртлари фаолияти билан танишиш ҳамда IT соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш мақсадида Жиззах шаҳрига келди.
Делегация аъзолари вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Савурбаев, вилоят ҳокимининг Рақамлаштириш ва инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси Рустам Ҳамдамов ҳамроҳлигида дастлаб Жиззах вилоятидаги IT-Park ҳамда вилоят ҳокимлиги анжуманлар саройи билан танишди.

Меҳмонлар Жиззах шаҳридаги Қозон федерал университети Жиззах филиали, “Самбҳрам” университети, вилоят марказий кутубхонаси ҳамда Болалар футбол маҳорат мактабида бўлиб, тарбияланувчи, талаба, профессор-ўқитувчилар ҳамда хизматчилар билан суҳбатлашди. Шароф Рашидов туманидаги “Оқтош ота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўришди.



Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев делегация аъзолари билан учрашиб, “Янги Ўзбекистон” массивида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан меҳмонларни таништирар экан, бу ерда Хитой давлати билан ҳамкорликда барпо этилаётган янги Технопарк ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига қабул амалга ошириладиган Тест маркази бўйича маълумотлар берди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири