Вазирнинг талабалар турар жойлари бўйича ахбороти эшитилди
ОНЛАЙН
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис Қонунчилик палатасининг youtubeдаги канали орқали жонли эфирга узатилмоқда.
Қуйи палата мажлисида Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқуловнинг “Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни турар жойлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилмоқда.
— Кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшларнинг олий таълимга қамров даражасини ошириш, талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, — деди Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов. — 2021 йилда талабалар турар жойларидаги яшаш хоналарининг оптималлаштирилиши натижасида 20 мингдан ортиқ қўшимча турар жой ўринлари ташкил этилди. Шунингдек, Давлат бюджети маблағлари, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда давлат-хусусий шериклик ва ижара асосида қўшимча 11,4 минг ўринли 29 та талабалар турар жойлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур йўналишда кўрилган тизимли чора-тадбирлар натижасида 2021 йилда талабалар турар жойларининг қуввати 32 070 ўринга кўпайтирилиб, 91 416 ўринга етказилди.
Ҳудудларида талабалар турар жойларини тадбиркорлик субъектлари маблағлари ҳамда бюджет субсидияси иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида қуриш тизими йўлга қўйилди. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам талабалар турар жойлари сонини 100 минг ўринга етказиш, бунда 2022 йилда 18 800 ўринли 47 та талабалар турар жойларини барпо этиш, 2026 йилга қадар эса талабаларни ётоқхона билан таъминлаш даражасини 60 фоиздан ошириш вазифалари белгиланди, — деди вазир.
Мажлис ўз ишини давом эттирмоқда. Депутатлар ўз саволлари билан вазирга мурожаат қилмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА