Вазирлик нега боғчалар бўйича аниқлик киритмаяпти?
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри ва вилоятларимизда умумтаълим мактаблари онлайн ёки офлайн тарзда ишлаши бўйича ота-оналарга маълумотлар етказилди.
...Расмий хабарларга қараганда, жорий йилнинг 23 январь — душанба кунидан барча боғча, мактаб, профессионал таълим муассасалари, Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, академик лицей ва олий ўқув юртларида анъанавий тарзда ўқишлар бошланиши расман эълон қилинди.
Лекин, шу жойда бир масаланинг эътиборга олинмай ёки охиригача ўйланмай, қарорга киритилаётганлиги нотўғридек?! Бу мактабгача таълим муассасалари билан боғлиқ масала. Чунки мантиқан олиб қаралганда, МТМларга 7 ёшгача бўлган болалар боришади. Биламизки, бугунги кунда МТМларга болаларни қамраб олиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган. Шундай экан, одатда ота-оналар ўз фарзандларини ўзлари яшайдиган яқин ҳудудда жойлашган МТМларга топшириб, бемалол ишга кетишади. Лекин бугунги юзага келаётган ноқулай вазиятда ҳал этилиши лозим бўлган айнан шу зарур масала ечилмаганлигича қолиб кетгандек.
Маълумки, барча ташкилот, идораларда мактаб ва боғчаларга берилган таътил давлат идоралари ишчи ходимлари учун амалда эмас, ҳамма ўз иши билан банд, ишлаяпти. Табиийки, давлат ташкилоти ва идораларида ишлайдиган ходимлар орасида ёш болали оилалар ҳам бор. Ҳали айрим боғчалар болаларга талаб даражасида шарт-шароит (иситиш тизими ва сув таъминоти) бўлмаганлиги учун иш фаолиятини бошлай олмаётганлиги сабаб ота-оналар қандай йўл тутишни билмай боши қотган. Чунки боғча ёшидаги боласига уйда қарайдиган одами йўқ, иш хонасига олиб бора олмайди. Тўғри, саноқли бўлса ҳам айрим ташкилот раҳбарлари ушбу вазиятни тўғри ва одилона англаган ҳолда ўз ходимларини қўллаб-қувватлаб, онлайн режимида ишлаш имкониятини берди. Лекин бу ҳамма ташкилот шундай иш қилди, дегани эмас.
Шу ва шунга ўхшаш вазиятларни эътиборга олиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расман қарор чиқарса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бугунги кунда ўқув жараёнларини бошлаш учун қарор чиқариш ҳокимликларга берилди. Тўғри, бу ҳам ҳар бир туман ўз имкониятидан келиб чиқиб, иш қилиши керак бўлган тўғри қарор. Бироқ, Вазирликнинг расмий муносабатини билдирмай турганлиги сабаб, давлат ташкилотларида ишловчи ёш болали ота-оналар олдида юқоридаги каби тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.
Бундай вазиятлар юзага келмаслиги учун Вазирлик МТТларнинг иш фаолиятини анъанавий тарзда бошланиш-бошланмаслик ёки бошланса ҳам (жадвал асосида) вазиятни атрофлича ўрганган ҳолда ўз муносабатини билдиришини кўп сонли ота-оналар номидан кутиб қолмоқда.
Гулнисо Саидова,
Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини
ошириш бошқармаси бошлиғи