Вазирга парламент сўрови юборилди
Бугун ҳаётимизни ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини давлат бошқаруви ва давлат хизматларини кўрсатишнинг барча соҳаларига жорий этиш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан самарали фойдаланиш ҳамда инновацияларни жорий этиш давлат бошқаруви тизимини тўлиқ рақамлаштириш ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш имконини бермоқда.
Инновациялар ҳамда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари соҳасидаги етук кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади. Шу муносабат билан ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланишида ушбу соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, бунда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган инновацион иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини шакллантириш ва фаол ривожлантиришга қаратилган инновацион технопарклар ҳамда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркларини ривожлантириш муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун энг қулай шароитларни яратиш мақсадида бутун республика ҳудудида Технопарк резидентларини жойлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида экстерриториаллик принципи асосида ташкил қилиниши кўзда тутилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эса ахборот технологиялари соҳасини ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ушбу соҳадаги “стартап” лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорларда дастурий ва юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматларни тарғиб қилишга кўмаклашиш кўзда тутилган ва тегишли чора-тадбирлар белгиланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан юқорида келтирилган ҳужжатлар ижроси юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Мазкур жараёнда соҳани ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини самарали ташкил қилиш, технопарклар фаолиятини ривожлантириш ҳамда иқтидорли ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилганлиги билан бирга айрим муаммолар ҳам мавжудлиги кузатилди.
Хусусан, халқаро IT сертификатига эга бўладиган 14–30 ёшгача бўлган ёшлар улуши пастлигича қолмоқда. Ахборот технологиялари ривожланиши ва уларни иқтисодиёт соҳаларига жорий этишнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек, маҳаллий дастурий маҳсулотларнинг экспорт даражаси ҳали ҳам қонақарли даражада эмас. Ахборот технологияларининг рақобатдош ва юқори унумдорликка эга тармоғини шакллантириш учун мамлакатнинг фан ва таълим соҳасидаги салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаяпти.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Шерматовга “Ҳудудларда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парклари, рақамли технологиялар ўқув марказларини янада ривожлантириш, шунингдек, иқтидорли ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА