Вазир ва ёшлар учрашуви
Президентимиз ташаббуси билан ёшлар ва раҳбарлар муносабати янги босқичга кўтарилди. Бундан кўзланган мақсад ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имкониятлар кўламини таъминлашдан иборат. Ушбу тизим қисқа фурсатда ўзининг ижобий самарасини бериб, фаол ёшлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.

Талаба ёшларнинг ташаббусларини тинглаш ва соҳадаги ишлар билан танишиш мақсадида Тошкент давлат техника университетига Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ташриф буюрди. Ташриф доирасида соҳадаги таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Дастлаб вазир олийгоҳ талаба-ёшлари ҳамда ёш олимлар томонидан ишлаб чиқилган инновацион стартап лойиҳалари кўргазмаси билан танишди. Ҳар бир лойиҳанинг амалий аҳамияти ва энергетика тизимига татбиқ этиш имкониятлари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Шундан сўнг, университетда янги ташкил этилган "Startup Hub Expo Center" маркази фаолияти билан яқиндан танишилди. Мазкур марказ ёш ихтирочиларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш ва уларни реал бизнес лойиҳаларга айлантиришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Ташриф якунида вазир Энергетика муҳандислиги факультети талабалари билан учрашув ўтказди. Самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва соҳанинг келажакдаги истиқболлари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлди.
Шербек Исломов, ЎзА