Жамият бошқарувида Конституциянинг ўрни
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, ҳарқандай давлатда жамият бошқаруви фақат Конституция ва шу асосда қабул қилинган Қонунлар орқали амалга оширилади. Шундай экан, Конституция аҳоли фаровонлиги йўлидаги ислоҳотларнинг ва бугунги кунгача эришган барча ютуқларнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Айниқса, мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига кўтарилиб, барча соҳаларда илгари бўлмаган ўзгариш ва янгиланишлар рўй бераётган ҳозирги вақтда бунинг аҳамиятини янада чуқурроқ англаймиз.
[gallery-28684]
Дарҳақиқат, ўтган йилларга назар ташлар эканмиз, давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори натижасида фақатгина Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида аҳолининг фаровон ҳаёти билан боғлиқ кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўламиз.
Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва келгуси йиллар учун мўлжалланган дастурларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни янги босқичга кўтармоқда. Мазкур қарор билан 2026-2030 йилларда жами 33 триллион 300 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш, ижтимоий ва инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш белгиланди.
Тадбир санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.