Вазир талабалар ўқиши ва яшаш шароити билан яқиндан танишди
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Сирдарё вилоятига хизмат сафари доирасида Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалида бўлди.
Ташриф давомида таълим муассасасида амалга оширилаётган янгиланишлар, талабаларнинг турмуш ва таълим шароитлари ҳамда илмий-амалий изланишлари билан яқиндан танишди.
Вазир аввало филиалда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини кўздан кечирди. Иссиқлик тизимларининг янгиланиши, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этилиши юзасидан амалга оширилган чоралар юзасидан маълумот олди. Шу билан бирга, талабалар учун яратилган замонавий ўқув ва лаборатория хоналари, ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятлари билан ҳам танишди.

– Қўнғиротбой Шарипов таълим жараёнида амалий машғулотлар улушини ошириш, талабаларнинг стартап ва инновацион ғояларини ривожлантиришга кенг имконият яратиш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, ётоқхоналардаги қулайликлар, маънавий муҳит ва халқаро ҳамкорлик йўналишларига юксак баҳо берди. Бу биз учун ишонч ва янги марралар сари интилиш демакдир, – деди Зафар Ҳакимов.

Учрашув чоғида вазир талабаларнинг стартап лойиҳалари билан яқиндан танишди. Ёшларнинг янги ғояларга интилиши, изланиш ва янгилик яратишга бўлган саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди.
Шу куни вазир Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигида ташкил этилган “Шенянг” тил ўрганиш академиясида ҳам бўлиб, талабаларнинг замонавий методика асосида таълим олаётганини кузатди. Бу жараён икки давлат ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаётгани қайд этилди.

Шунингдек, яқинда фойдаланишга топширилган 560 ўринли замонавий талабалар тураржойи ҳам кўздан кечирилди. Қулай архитектура, замонавий жиҳозланган хоналар, ошхона ва санитария шароитлари, “Маънавият бурчаги” каби имкониятлар юқори баҳоланди. Ёнғин хавфсизлиги воситалари ва эвакуация йўлакларининг халқаро талабларга жавоб бериши ҳам эътироф этилди.

Ташриф доирасида вазир талабалар билан очиқ мулоқот ўтказди. Ёшлар яратилган шароитлардан мамнун эканликларини билдириш билан бирга, таълим жараёнини янада самарали ташкил қилиш бўйича ўз таклиф ва фикрларини ҳам баён этдилар.

Сафар якунида вазир филиалнинг “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи фаолияти билан танишди. Шунингдек, профессор-ўқитувчиларни яқинлашиб келаётган 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан табриклади ҳамда уларнинг ёшлар тарбиясидаги хизматларини юксак баҳолади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири