Вазифалар ижроси депутатлар назоратида
O’zLiDeP Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ва партия фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Жиззах вилоятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларига дахлдор ва бошқа долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик назорати асосида ўрганишлар олиб борди, сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.
Жойларда ўрганишлар давомида аниқланган муаммо, хато ва камчиликлар, аҳоли томонидан қилинган мурожаатларга партиявий воситалар билан ечим топиш мақсадида Жиззах вилоятида ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Мисол учун, Фориш туманида бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида кенг жамоатчилик вакиллари аҳоли чорва молларини боқиш учун яйловлардан фойдаланиш борасидаги муаммоларни ўртага ташлаган эди. Яйлов ерларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, ўсимликлар табиий плантацияларини яратишга қаратилган чора-тадбирлар туманда чорвачиликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу туманда азал-азалдан чорвачилик ривожланган. Бугунги кунда туманда 366 минг гектар яйлов мавжуд. Яйловлардан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш чорвачиликни ривожлантиришда, чорва маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиб, янги иш ўринлари яратишда, қисқача айтганда, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, қулай шароитлар яратишда муҳим ўрин тутади.

Йиғилишлар баҳс мунозараларга бой тарзда ўтмоқда. Депутатлар бу борадаги ўз фикр ва мулоҳазаларини, амалий таклифларини тўғридан-тўғри айтаётганларини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Белгиланган вазифаларни ўз вақтида сифатли бажариш юзасидан ҳамкорликда бажариладиган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ишчи гуруҳ вакиллари ўрганишлари асосида вилоятнинг бошқа туманларида ҳам O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари мутасаддиларнинг ҳисоботларини эшитиб келмоқда. Масалан, Жиззах шаҳридаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари Жиззах шаҳрида Президентимизнинг 2023 йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Жиззах шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Ҳайдаровнинг, Зомин туманида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Зомин туман бўлими бошлиғи Бекзод Абдукаримовнинг, Мирзачўл туманида 2024 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар сарҳисоби ва 2025 йил учун белгиланган устувор вазифалар ижроси юзасидан “Халқ банки” АТБ Мирзачўл туман филиали бошқарувчиси Ҳусниддин Ботировнинг ҳисоботлари эшитилди.
Эътиборга молик томони бу йиғилишларда мутасаддиларнинг фаолиятига танқидий-таҳлилий баҳо берилиб, давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил учун белгилаб берилган устувор вазифалар, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳамкорликдаги амалий ишлар ижроси депутатлар ва жамоатчилик назоратига олинди.
Холбек Асатов,
O’zLiDeP Жиззах вилояти ҳудудий
партия ташкилоти бўлими мудири
ЎзА