“Ватанпарварлик ойлиги” кўтаринки руҳда ўтмоқда
Миллий гвардиянинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Термиз шаҳридаги 3- умумтаълим мактабида “Ватан тараққиётига ҳисса қўшаман” шиори остида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилди.
Юртимиз бўйлаб давом этаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган турли тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси етакчилигида барча вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Хусусан, Миллий гвардиянинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Термиз шаҳридаги 3- умумтаълим мактабида “Ватан тараққиётига ҳисса қўшаман” шиори остида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилди.
Миллий гвардиянинг Бухоро вилояти бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Когон шаҳридаги ватанпарварлик синфи ўқувчилари ўртасида “Мен ҳам гвардиячи бўламан” номли спорт мусобақаси ва маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бошқармасига бириктирилган мактаблардаги ҳарбий ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синф ўқувчиларининг Фарғона шаҳридаги Темурбеклар мактабига ташрифи амалга оширилди. Ташриф чоғида ёшлар Темурбеклар мактабида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Қўқон шаҳри 8-умумтаълим мактабининг 10-11-синф ўқувчилари билан “Қуролли Кучларимизнинг фуқаролик жамиятидаги ўрни ва роли” мавзусида тарғибот машғулотлари ташкиллаштирилди.
Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази ҳарбий хизматчилари томонидан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманидаги 112 ва 223-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан “Мен ҳам Ватан ҳимоячиси бўламан” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ва “Темурбеклар” ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилди.
Шунингдек, Жиззах вилояти бошқармаси томонидан Шароф Рашидов туманидаги 27-мактабда 400 га яқин ўқувчи жалб қилинган ҳолда “Армия ёшлар нигоҳида” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилиб, унда туман ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирок этди. Жиззах шаҳридаги 22-умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида қўл жанги бўйича мусобақа ташкиллаштирилди. Тадбир якунида иштирокчиларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Сирдарё вилояти бўйича Миллий гвардия ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Гулистон шаҳар болалар-ўсмирлар спорт ўйингоҳида “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида 2000 дан ошиқ мактаб ўқувчи-ёшлари билан концерт дастури, кўргазмали чиқишлар ва қурол-аслаҳа кўргазмаси ҳамда ҳарбий техника паради ўтказди.
Андижон вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси томонидан Андижон тумани 31-умумтаълим мактабининг 5-6-7-синф ўқувчилари билан “Мен ҳам ҳарбий бўламан” мавзусида 300 дан ортиқ ўқувчи-ёшлар жалб қилинган ҳолда Ватан ҳимоячиларига бағишланган бадиий кеча ҳамда спорт мусобақалари ўтказилди.
Ушбу тадбирларнинг давоми сифатида Миллий Гвардия Навоий вилояти бошқармаси томонидан Навоий шаҳридаги “Қатағон қурбонлари музейида” уч авлод учрашуви ва Навоий шаҳар 1-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
“Ватанпарвалик ойлиги” муносабати билан юртимиз бўйлаб Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар армия ва халқ якдиллигини мустаҳкамлашда ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, шижоат ва мардлик туйғуларини уйғотишда муҳим аҳамият касб этади.