Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати
Ватан тинчлигини ҳимоя қилишда ҳар бир фуқаро дахлдор бўлиб, ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.
Ватан тинчлигини ҳимоя қилишда ҳар бир фуқаро дахлдор бўлиб, ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Ёшлар илму ҳунарлари билан, кексаларимиз дуолари ва ибратли насиҳатлари билан тинчликнинг бардавом бўлишига, мард ва жасур посбонлар эса чегараларимиз дахлсизлигига хизмат қилади.
Айнан шу жиҳатларни ўз ичига олган ватанпарварлик ойлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчи ва ходимлари ташаббуси билан бир қатор ишлар амалга оширилди. “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати” шиори остида юқори савияда ташкиллаштирилган тадбирлар, хайрия акциялари, концертлар юртимизнинг барча аҳоли қатламларини қамраб олгани шубҳасиз.
Хусусан, юртимизнинг турли нуқталарида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимидаги барча бошқарма, ҳарбий қисм, бўлинмалар ҳарбий хизматчи ва ходимлари томонидан ойлик давомида шаҳар, туман марказларида маҳаллий аҳоли иштирокида ҳарбий парад ва фестиваллар, мусиқий дастурлар, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг намойишлари, югуриш марафонлари, тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, “Аскар оналарини шарафлаймиз!” мавзусида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ва уларнинг яқинлари ўртасида видеомулоқотлар ташкил этилди.
Таълим муассасалари, меҳрибонлик ва мурувват уйларида эса ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ҳарбий маънавий-маърифий тадбирлар, кўргазмалар, уч авлод учрашувлари, музей, театр ва ҳарбий қисмларга экскурсиялар, спорт мусобақалари ҳамда танловлар ташкил этилиб, энг фаол ва ғолиб бўлган ёшларга совғалар топширилди.
Шу билан бирга, Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ва меҳнат фахрийлари, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган хизматдошларининг оила аъзолари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларининг ҳолидан хабар олиб, уларга зарур бўлган маънавий ва моддий ёрдам кўрсатди.

Жумладан, ватанпарварлик ойлиги доирасида ҳарбий хизматчи ва ходимлар учун ҳам тадбирлар, ижодий учрашувлар, концерт дастурлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг барчасида иштирокчилар ўз фаоллиги билан ажралиб турди.

Замонлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат ва садоқат моҳияти асло ўзгармайди. Турли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилган ватанпарварлик тадбирлари юртимиз бўйлаб мунтазам равишда ўтказиб борилади.
Нозима МАҲМУДОВА,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси
Матбуот хизмати офицери.