Ватанпарварлик болаликдан тарбияланади
Ватан – ҳар бир қарич ери азиз, жонажон маскан. Юртнинг асл ўғлонлари – Ватан ҳимоячиларининг ўз оромларидан кечиб, ана шу қутлуғ маскан сарҳадларини сергаклик билан ҳимоя қилаётганлиги туфайли бугун ҳаётимиз тинч, осмонимиз мусаффо, кўнгиллар хотиржам. Шу боисдан ҳам 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини мамлакатимизда ҳар йили байрам сифатида нишонлаш анъанага айланган.
Юртимизда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг йигирма тўққиз йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда. Фарзандларимизни шу юрт, она Ватанга садоқат руҳида вояга етказиш мақсадида таълим муассасаларида ҳам маданий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги “Истиқлол юлдузчаси” номли 399-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия вакиллари иштирок этди.
– Фарзандларимиз болалигида кўп нарсани ўрганади ва қалбан ҳис этади, – дейди Гулпаршин Узакбергенова. – Шу боис ҳам мактабгача таълим-тарбия жараёни оилада ҳамда таълим муассасасида муҳим аҳамиятга эга. Бу каби тадбирлар бола онгида юртга муҳаббат туйғусини шакллантиради. Зеро, Ватан муқаддаслиги болаликдан ҳис этилиши керак.
Болажонлар қалбида она Ватанни севиш ва қадрлаш, унинг ҳимоясига ҳамиша тайёр бўлиш каби эзгу фазилатларни юксалтириш, уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш асосий мақсаддир. Тадбирда тарбияланувчилар томонидан саҳна кўринишлари ва мусиқий чиқишлар намойиш этилди. Миллий гвардия вакилларининг кўргазмали чиқишлари болажонларда катта қизиқиш уйғотди.
ЎзА