“Ватанпарвар” ташкилоти ўттиз ёшга тўлди
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларга ўқитиш ва ҳарбий хизматга тайёрлашда давлат хокимияти органларига кўмаклашиш ҳамда фуқароларни оммавий техник касбларга сифатли тайёрлаб, спортнинг техник ва амалий турларини янада ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Хусусан, ташкилотнинг ўқув спорт техника клубида оммавий касб ходимлари тайёрланмоқда. Шунингдек, пневматик қуролдан ўқ отиш, картинг, автокросс, ёзги биатлон, дуатлон спорт секцияси мавжуд бўлиб, ўқувчи ёшларнинг спортга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида тўгараклар фаолият юритиб келмоқда. Ҳайдовчиликга тайёрлаш ўқув курслари мунтазам йўлга қўйилган.
Кўп йиллик меҳнатлари самарасини нишонлаш мақсадида ташкилотнинг 30 йиллиги муносабати билан “Ватанпарвар” ташкилоти Келес шаҳар ўқув спорт техника клубида “Ватан тараққиётига хизмат қилиш ва содиқ бўлиш” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда ташкилотда барча саъй-ҳаракатлар давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётгани таъкидланди.
“Ватанпарвар” ташкилоти ўз фаолияти давомида аҳоли, айниқса ёшларни Ватанга садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш ҳамда оммавий техник касбларга тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Ташкилот қошидаги тўгараклар ўқувчилари томонидан спорт турларидан парчалар, саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА