Ватаннинг фидойи қизлари
Донишмандлардан бири «Ўғил болалар авлодни, қиз болалар миллатни давом эттирадилар» деганда нечоғлиқ ҳақ бўлган. Дарҳақиқат, қизлар эртанги оналар.
Улар миллат давомийлигини таъминлайдилар. Зеро, фарзанд тарбиясида отанинг иқтисодий масъуллиги билан бирга онанинг юқори маънавияти, юксак маърифати, миллатпарвар, ватанпарварлиги муҳимдир. Агар боланинг илк тарбияси она алласи билан бошланишини назарда тутадиган бўлсак, бу мукаррам зотларнинг Ватан олдидаги бурчлари нечоғлик муҳимлигини таъкидлаш жоиз.
Назокат ва нафосат байрами арафасида Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари, Божхона институти ҳамда Ички ишлар вазирлиги академиясининг курсантлари ўртасида ўтказилган «Фидоий қизлар» кўрик-танлови қувончларга бой ўтди. Ички ишлар вазирлиги Академиясининг маҳобатли клубида бўлиб ўтган тадбирда таълим муассасалари раҳбарлари, маданият ва санъат арбоблари, таниқли адиблар, Республика маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар гуруҳи аъзолари, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаоллари иштирок этиши файзли тадбирга янада жон бағишлади.
Тадбирни Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, полковник Рустам Ҳатамов кириш сўзи билан очиб, аёлларни эъзозлаш, хотин-қизларга иззат-икром кўрсатиш халқимизнинг бебаҳо қадрияти эканлиги, мамлакатимизда униб-ўсиб келаётган қизларни ҳаётга тайёрлаш, сиҳат-саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш орқали уларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, Президентимизнинг беш муҳим ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган «Фидоий қизлар» кўрик-танлови ёшларимиз, айниқса қизларнинг маънавий салоҳияти, ахлоқий фазилатларини юксалтириб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини эътироф этди.
Аҳамиятлиси, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг «Маърифат» жамоаси қизлари ўзларининг зукколиги, билимдонлиги, диний ва дунёвий билимларни пухта ўзлаштирганлиги, Божхона институтининг «Ҳумо» жамоаси қизлари интеллектуал салоҳиятли, оқила, ўз касбига фидоий, Ички ишлар вазирлиги академиясининг «Тўмарис» жамоаси вакилалари доно, топқир, жасоратли, шиддатли эканликларини намойиш этиб олқишларга сазовор бўлдилар. Кўрик-танловнинг «Танишув» деб номланган биринчи шартида иштирокчилар ўзлари таълим олаётган таълим муассасаси истиқболи, келажак орзу-мақсадларини ёритиб беришди.
Иккинчи шарт ҳар бир иштирокчининг интеллектуал салоҳияти, маънавий дунёқараши ва билимдонлигини синовдан ўтказди. «Эркин мавзу» шартида эса қизиқарли саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ўзбекона қадриятларимизнинг умрбоқийлигини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиз, мамлакатимиз тинчлиги, осойишталигини сақлаш, уни ташқи салбий таъсирлардан ҳимоя қилишнинг улкан аҳамияти саҳна кўринишлари орқали намоён этилди.
Таъбир жоиз бўлса ҳар учала жамоа ҳам кўрик-танловга жиддий тайёргарлик кўрганликлари сезилди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра ИИВ Академиясининг «Тўмарис» жамоаси «Энг зукко жамоа», Халқаро Ислом академиясининг «Маърифат» жамоаси «Энг ижодкор жамоа» ва Божхона институтининг «Ҳумо» жамоаси «Энг креатив жамоа» номинациялари бўйича ҳамда ИИВ Академияси бошлиғининг буйруғига кўра диплом ва қиммат баҳо совғалар билан тақдирландилар.
Гулжаҳон Мардонова ЎзА