“Ватанга қасамёд” – муқаддас бурч!
Мамлакатимиз тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлашдек масъулиятли ва шарафли касб эгаси бўлишга бел боғлаган Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети 1-босқич курсантлари учун “Ватанга қасамёд” байрам тадбири ташкил этилди.
Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р. Жўраев, Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Э. Абдулҳакимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Республика ҳарбий прокуратураси масъуллари, ҳамкор ташкилотларнинг мутасаддилари, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этган маросимда мамлакатимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” эзгу тамойилига асосланган Янги Ўзбекистон ғояси амалда қудратли ҳаракатга айланганлиги таъкидланди.


Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз тинчлигини таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган миллий армиямизнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини ошириш борасида Миллий гвардия тизимида, хусусан, Жамоат хавфсизлиги университетида тизимли ишлар йўлга қўйилганлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг қарори билан Олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари учун “Олий Бош Қўмондон давлат стипендияси” ҳамда “Миллий гвардия Қўмондони стипендияси” жорий қилингани талаба-курсантларнинг фаолиятига янгича мазмун бағишлаётганлиги билдирилди.


Тадбирда сўзга чиққанлар “Ватанга қасамёд” муқаддас бурчлиги, бу кун ёш ҳарбий хизматчилар ҳаётида унутилмас ёрқин лаҳзаларни муҳрлаши билан аҳамиятли эканлиги, байрам курсантларнинг ота-оналари қалбига ғурур бағишлаганлиги қайд этилди.
Т. Рўзиев, ЎзА