Ватан ва миллат олдидаги жасорат унутилмайди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган шаҳридаги “Хотира хиёбони”да Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг саксон бир йиллиги муносабати билан тантанали маросим ўтказилди.
Тадбирга йиғилганлар кўнглида ифтихор, бугунги дориломон кунларга шукроналик ҳисси жўш урган. Бутун инсониятни фашизм балосидан қутқариш учун жонини қалқон қилган қўрқмас ўғлонлар хотирланди. Бинобарин, мард дилбандларини кутиб, илҳақ ўтган мунис оналар, вафо тимсоли – ёрлари, азиз фарзандлари бошидан ўтказган мусибатлар такрорланмасин.
Наманган вилояти ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги раҳбарлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, бошқармалар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, таълим муассасалари вакиллари, фаол ёшлар ҳарбий оркестр садолари остида хиёбондаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Иккинчи жаҳон урушида мардларча ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг порлоқ руҳига ҳурмат бажо келтирилди. Йиғилганлар майдондаги “Хотира китоби” ни варақлаб, ўтганларни ёд этди. Муаззам ёдгорликка гул қўйиш барча Ўзбекистон оналарига юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Наманган вилоятидан фронтга отланган 67 минг 833 кишидан 3 минг 803 нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган, 15 мингдан ортиғи фронтда бедарак йўқолган. 2 минг 26 нафар матонатли ватандошимиз турли даражадаги орденлар билан қайтган. Соли Адашев, Набижон Мингбоев, Михаил Фаязов, Абдусаттор Раҳимов каби ўнлаб наманганлик ўғлонлар собиқ итифоқ қаҳрамони унвони билан тақдирланган.
Айни вақтда Наманган вилоятида икки нафар уруш қатнашчиси ҳамда юзлаб меҳнат фронти фахрийлари эъзозу эҳтиромда умргузаронлик қилмоқда. Вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ташаббуси билан байрам арафасида уларнинг ҳар бирининг хонадонларига борилиб, алоҳида эътибор қаратилди.
– Уруш фахрийларини эъзозлаш, уларнинг ҳаёт йўли ва жасоратини ёш авлодга намуна сифатида етказиш ҳозир ҳар қачонгиданда муҳим. Зеро, “Хотира ва қадрлаш куни” бизнинг оиламизда унутилмас сана сифатида нишонланади.Раҳматли бобом Соли Адашев Иккинчи жаҳон урушида катта матонат кўрсатиб, айни навқирон, кучга тўлган вақтида – 21 ёшида собиқ совет иттифоқи қаҳрамони унвонига, қатор орден ва медалларга сазовор бўлганлар, – дейди Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи Жаҳонгир Адашев. – Бобом машъум урушда мардонавор курашганлар. Ҳатто аёзли қишда оғир ҳолатда Днепр дарёсини автомобилда сузиб ўтганлари, озиқ-овқат, ётоқ учун жой етишмагани, қорларнинг тагида қолиб кетганлари ҳақида кўп эшитганмиз. Шаҳримиздаги катта кўчалардан бири бобожонимнинг номи билан аталиши бизга ғурур бағишлайди.
[gallery-29340]
Дарҳақиқат, бундай унутилмас маросимлар ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ватанпарварлик, жасорат, мардлик туйғуларини юксалтириши билан янада аҳамиятлидир. Зотан, тинчлик ва осойишталик йўлида жонини фидо қилган инсонларни миллат асло унутмайди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА