Ўзбекистон – Хитой: учинчи ҳудудлараро форумга тайёргарлик кўрилмоқда
Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Хитойнинг хорижий мамлакатлар билан дўстлик халқ жамияти раиси Ян Ванмин билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Самарқанд вилоятининг Хитой минтақалари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилиб, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва уларнинг самараси, келгусидаги режалар ҳақида сўз юритилди.

А.Бобоев бугунги Самарқанд вилояти Хитой Халқ Республикасининг 9 та ҳудуди билан биродарлик алоқаларини йўлга қўйганини таъкидлаб, бу нафақат савдо-иқтисодий, балки маданий-гуманитар соҳаларни ҳам қамраб олганини эътироф этди.

Ян Ванмин ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форумининг муваффақиятли ўтгани ва жорий йил май ойи охирига қадар учинчи форумни ўтказиш кўзда тутилаётганини маълум қилди. Мазкур форум эришилган келишувларни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий соҳаларда янги натижаларга эришишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши айтилди.
Учрашув якунида томонлар ҳудудлар учун манфаатли ва умумий тараққиётга хизмат қиладиган амалий мулоқотни янада кенгайтиришга келишиб олди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири