“Ватан тараққиётига менинг ҳиссам”
Бухорода Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” Республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
–Танлов мамлакатимизнинг барча ҳудудларида илм-фан, санъат ва маданият, ахборот технологиялари, бадиий ижод, архитектура ва дизайн, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик каби соҳаларда фаолият юритаётган, юқори натижаларга эришаётган иқтидорли ёшларни аниқлаш, муносиб рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева. – Шунингдек, танлов истеъдодли ва ташаббускор ёшларнинг янги ташаббуслар билан чиқиши учун қулай шароит ва имконият яратиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Танловнинг вилоят босқичида “Тасвирий ва амалий санъат”, “Адабиёт ва публицистика”, “Миллий мақом ва миллий эстрада” йўналишлари бўйича шаҳар ва туман босқичи ғолиблари баҳслашди.
[gallery-4800]
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, “Тасвирий ва амалий санъат” йўналиши бўйича Иқболхон Зокирова, “Миллий мақом ва миллий эстрада” йўналиши бўйича Гулсанам Жўраева, “Адабиёт ва публицистика” йўналиши бўйича Жасурбек Эсонов биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини олди.
Танлов ғолибларига қимматбаҳо совға ва дипломлар топширилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА