Ватан шарафи учун курашиш – олий бахт
Муносабат Мен Ўрта Чирчиқ туманидаги Чолдор овулида туғилиб ўсганман. Тўққиз ёшимдан юнон-рум кураши билан шуғулланишни бошлаганман. Ўшанда келгусида Жаҳон чемпионатида Ватанимиз байроғини баланд кўтариш насиб этишини тасаввур ҳам қилмаган эдим. Бироқ болаликдан юртимга муносиб фарзанд бўлишни олдимга аниқ мақсад қилганман.
Спорт менга меҳнат, интизом ва матонатнинг аҳамиятини ўргатди. Аслида ҳар қандай ютуқ ортида узлуксиз машғулотлар, машаққатли меҳнат ва катта сабр мужассам. Бу йўлда эришган барча натижаларимда оиламнинг, айниқса, онамнинг дуоси ва қўллаб-қувватлаши мен учун энг катта таянч бўлиб келди. Ҳар сафар мусобақани кузатар экан, онамнинг эзгу тилаклари, бувимнинг дуолари менга куч ва ишонч бағишлайди.

Яқинда Президентимиз қарорига асосан “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирландим. Бу мен учун катта шараф ва юксак масъулият намунаси бўлди. Ўтган йиллар давомида мусобақаларда қатнашдим. Хусусан, 2022 йил Италиянинг Рим шаҳрида ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритдим. Ўша кун нафақат мен, балки бутун оилам учун унутилмас хотира бўлиб қолди. Кейинчалик билдимки, онам мусобақани катта ҳаяжон билан кузатиб, ғалабамдан кўзларига ёш олган экан. Ана шунда ҳар бир спортчининг ютуғи ортида уни қўллаб-қувватлаган яқинлари турганини янада чуқур ҳис қилдим.
2025 йил эса спортда энг муваффақиятли мавсумлардан бири бўлди. Шу даврда етти марта чемпионликка эришдим. Энг муҳими, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, 24 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистонга юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионлигини қайтариш насиб этди. Загреб шаҳрида Юртимиз байроғи баланд кўтарилиб, мамлакатимиз мадҳияси янграган дақиқалар ҳаётимдаги энг унутилмас онлардан бири бўлиб қолади.
Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик спортчилар зиммасига янада катта масъулият юклайди. Билдирилган ишонч, яратилган кенг имкониятлар, шунингдек, “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланганим янги марралар сари интилишим учун кучли рағбат бўлди. “Йилнинг энг яхши спортчиси” деб эътироф этилганим ҳам мен учун улкан шараф.
Бироқ энг қимматли мукофот мусобақадан ғалаба билан қайтганимда онамнинг юзидаги қувончни кўришдир. Зеро, бугунги барча ютуқларим замирида ота-онамнинг меҳри, дуоси ва менга бўлган чексиз ишончи мужассам.
Бугун ёшларга орзу қилишдан чўчимаслик кераклигини айтмоқчиман. Олдингизга юксак мақсад қўйинг ва унга эришиш йўлида тинмай меҳнат қилинг. Ватанга муҳаббат аввало амалий ишлар, ҳалол меҳнат ва эришилган ютуқлар билан намоён бўлади. Мен учун энг олий мақсад Ўзбекистон байроғини халқаро майдонларда янада баланд кўтариш, халқимизнинг ишончини оқлаш ва “Мард ўғлон” деган юксак номга муносиб бўлиб яшашдир.
Айтжан Халмаханов,
"Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиби,
юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпиони.
ЎзА