Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Поло спорт клуби” иш бошлади
Спорт клубининг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Поло федерацияси мутасаддилари, мураббийлар, хусусан юртимизда поло спорт тури бўйича фаолият юритаётган аргентиналик тажрибали мутахассис Хоакин Спиллманн юртимизда бошқа спорт турлари сингари поло ҳам жадал ривожланаётганини, ёшлар ўртасида оммалашаётганини эътироф этди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори И.Тўхтасинов спорт клубининг иш бошлаши талаба-ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбирда мутахассислар поло спортининг тарихи, бугунги ривожланиш босқичлари ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр билдирди.

Очиқ мулоқот ва савол-жавобларга бой бўлган тадбир давомида спорт маданиятини юксалтириш, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда халқаро спорт алоқаларини ривожлантириш, талабалар ўртасида ушбу спорт турини оммалаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Т.Рўзиев, ЎзА