Ватан меҳри байроқдан бошланади
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда филиал директори, профессор А.Есимбетов, Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси инспектори Б.Утебаев ва бошқалар сўзга чиқиб, давлат рамзларига ҳурмат мустақиллик қадри, миллий ўзлик ва Ватанга садоқат билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидлашди. 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг тарихий аҳамияти, давлат рамзларининг халқ ҳаётидаги ўрни ва уларни асраб-авайлаш масъулияти ҳақида фикр юритилди.

Бугун Ўзбекистон байроғи халқаро майдонларда, нуфузли анжуманларда, спорт мусобақаларида мағрур ҳилпирайди. Унинг ҳар бир юксалиши ортида мамлакатимизнинг шаъни, халқимизнинг меҳнати ва ёшларимизнинг ютуқлари турибди. Байроғимизнинг дунё саҳналарида намоён бўлиши ҳар бир юртдошимиз қалбида фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.

Тадбирда давлат байроғидаги ранглар ва белгилар мазмунига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ундаги мовий, оқ ва яшил ранглар, қизил чизиқлар, ярим ой ва юлдузлар халқимизнинг тарихий қарашлари, эзгу ниятлари ҳамда тинч ва фаровон ҳаётга интилишларини акс эттиради. Айниқса, ёшлар учун давлат рамзларини билишнинг ўзи кифоя эмас. Уларнинг мазмунини чуқур англаш, ҳурмат қилиш ва бу эҳтиромни кундалик ҳаётда намоён этиш муҳим аҳамият касб этади.
Ватанга муҳаббат баландпарвоз сўзларда эмас, балки ҳалол меҳнат, пухта билим, юксак масъулият ҳамда юрт равнақи йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларда кўзга ташланади. Бугун байроғимиз остида улғаяётган ёшлар эртанги кунимизнинг бунёдкорларидир. Уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш эса барчамизнинг умумий вазифамиздир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири