Давлат байроғи — миллий ғурур ва ифтихор тимсоли
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан Боёвут туманида тантанали байрам тадбири ташкил этилди. Туман ҳокимлиги ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида «Юрт байроғи» майдонида ўтказилган тадбирда туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, маданият ва санъат намояндалари, спортчилар, фаол ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тантанада туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов сўзга чиқиб, йиғилганларни ушбу қутлуғ сана билан муборакбод этди. Давлат байроғи мустақиллигимиз, миллий ўзлигимиз, халқимизнинг орзу-интилишлари ва бирдамлигини ўзида мужассам этган муқаддас рамз эканини таъкидлади. Шунингдек, байроғимиз халқаро майдонда мамлакатимиз шаъни ва нуфузини намоён этиши билан бирга, ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватанга муҳаббат, садоқат ва фахр туйғуларини мустаҳкамлашини қайд этди.

Дарҳақиқат, 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи мамлакатимиз мустақил давлатчилигининг муҳим рамзларидан биридир. Унда халқимизнинг бой тарихи, эзгу қадриятлари, тинчлик ва фаровонликка интилиши мужассам. Байроғимизнинг юксакларда ҳилпираши ҳар бир фуқаро учун Ватан тақдирига дахлдорлик ва миллий ифтихор туйғусини англатади.


Байрам тадбирига ўзгача шукуҳ бағишлаган воқеалардан бири туман марказий кўчалари бўйлаб ташкил этилган тантанали юриш бўлди. Унда Давлат байроғини баланд кўтарган ҳарбий хизматчилар, фаол ёшлар, ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг отлиқ бўлинмалари вакиллари, шунингдек, махсус техника воситалари иштирок этди.


Майдон ва кўчалар узра мағрур ҳилпираган миллий байроғимиз, тантанали саф юриши ва байрамона муҳит иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири