Ватан ҳимояси мард ва жасур ўғлонлар қўлида
Мен Наманган вилоятида хизмат бурчини ўтаётган Баҳодир Сарваровнинг бувиси бўламан, – дейди 70 ёшли онахон Мамлакат Чинмирзаева.
Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни олдидан Тошкент ҳарбий округи ташаббуси билан “Аскар оналарини шарафлаймиз!” номли маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги, мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Сирдарёдан бориб муддатли ҳарбий хизматини Наманганда ўтаётган аскарларнинг оналари ҳамда Сайхун воҳасида йигитлик бурчини бажараётган наманганлик аскарлар иштирок этди.

Дастлаб, тадбир доирасида теле-мулоқот ташкил этилиб, Сирдарё туманидан ҳарбий хизматга чақирилган Акмал Абдуқаюмов Гулистондаги тадбирга келган ота-онаси билан экран орқали дийдорлашди.
Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни Ширин шаҳрида адо этаётган оддий аскарлар Наманган шаҳридаги тадбирга келган ота-онаси билан теле-кўприк орқали мулоқот қилди.

– Мен Наманган вилоятида хизмат бурчини ўтаётган Баҳодир Сарваровнинг бувиси бўламан, – дейди 70 ёшли онахон Мамлакат Чинмирзаева. – Яқинда набирам хизмат қилаётган Наманган вилоятидаги ҳарбий қисмга бордим. Командирлари мени жуда яхши кутиб олишди. Тўғрисини айтаман, бунчалик яхши шароитни кўраман, деб ўйламаган эдим. Аскарлар учун тайёрлаб берилаётган ширин-шакар таомлар, ётоқларидаги шароит, тартиб-интизом, озодаликни кўриб лол қолдим. Ватан ҳимоячилари учун яратилган бундай имкониятлар тинчлигимизни бундан ҳам мустаҳкамлашга, ўғлонларимизнинг янада сидқидилдан хизмат қилишига замин яратади.
Байрам шарафига “Аскар оналарини шарафлаймиз!” деб номли маданий-маърифий тадбир Гулистон шаҳридаги “Фаровон” тантаналар мажмуасида тўкин дастурхон атрофида давом этди.