Ватан ичкарироқда, нақд юракнинг ўзида
Олам мукаммал бир қонуният асосида қурилган.
Инсоният уни турфа кўйларга солгиси келади. Ўз қонунларига бўйсундиргиси келади. Ирқчиликни ҳам инсонлар ўйлаб топди. Бироқ… Ҳамма учун севинч севинчдир, қайғу қайғудир. Инсон севади, севилади, гўдак дунёга келишидек буюк мўъжиза қувончини ҳис қилмайдиган одам бўлмаса керак. Яхшики, айрим инсонлар инсонни ўзига англатиш учун илоҳий илҳомлар билан сийланган. Булар ёзувчилар, шоирлардир.
Эътибор беринг-а, дунёнинг нариги чеккасида яшайдиган бир адибнинг ёзганлари унинг бериги чеккасида яшовчи инсонларнинг қалбига кириб боради. Сўз отли мўъжиза қудрати билан кириб боради. Гўё унинг дардлари, ташвишлари, туйғу-кечинмалари қаламга олингандек севинади, тўлқинланади. Ўқийсиз, айни ўша дамда адибнинг миллати, ранги, ирқи сиз учун аҳамиятини йўқотади. Чунки у соф инсоний кечинмаларни қаламга олди. ИНСОН ҳақида ёзди. Инсон эса ҳамма жойда инсондир.
Бугун сизга жаҳон адабиёти хазинаси дурдоналаридан тавсия этамиз. Дунёнинг ҳамма жойида севиб ўқилган, ўқилаётган, ўқилажак ҳикоялардан сўз айтамиз. Сўз айтамиз деб сал ҳаддимдан ошдим, тавсия қиламиз.
Жаҳон адабиёти хазинасидан «Бир кунлик қўналға» тўплами 2018 йилда «Ўзбекистон» нашриёт матбаа ижодий уйида нашрдан чиққан. У. Бўтаев, Н. Бўтаева тўплаб, нашрга тайёрлаган. Жуда бебаҳо китоб. Муқоваси гўзал, ёқимли, жаҳон тан олган адибларнинг сара ҳикоялари етук таржимонлар томонидан ўзбек тилига юксак маҳорат билан чевирилган.
Тўпламнинг биринчи ҳикояси «Муза» рус адиби Иван Бунин қаламига мансуб. Унинг гўзал шеърлари ҳам бор. Шоирлиги насрий асарларида ҳам яққол акс этиб туради. Адибнинг ҳикоя ва қиссаларида шеърларидаги каби бетакрор тасвирлар учрайдики, гўзал табиат симфонияси жамики ранглари билан кўзларингизда жилваланади, қалбингизга ҳузур беради.
«Муза»дан ўқиймиз: «Атроф қарағайзор ўрмон, уззукун ёмғир ёғади. Аҳён-аҳёнда ёрқин зангорликлар узра оппоқ булутлар тўпланади, теваракни майин бир шовқин қоплайди, кейин қуёш нурлари орасидан шаффоф ёмғир томчилари дувиллаб тўкилади. Ўрмонзор тепасида хушбўй қарағайларнинг ҳовуридан юксалган улкан буғ пайдо бўлади…
Кечалари ярим тунгача зимистон бўларди; ўрмонзор узра ғарб осмонидан ҳар доим кўрингувчи нимёруғлик ойдин кечаларда ой ёғдулари билан ўшандай осуда, ҳаракатсиз, ажойиб ва афсунгар бир ҳолатда қўшилиб кетарди. Тўрт тарафда ҳоким бўлган ана шу хотиржамликни, ана шу сокинотни, мусаффо осмон ва ҳаводаги ана шу осойишталикни сеза туриб, энди ҳеч ҳам ёмғир ёғмаслиги мумкин, дея ишонардим. Аммо Музани бекатга кузатиб қўйиб, ўрнимга чўзилишим биланоқ, бирдан ёмғир бошланганини, томни тарақлатиб шовқин солаётганини эшитардим, ташқаридаги қоронғилик бағрида чақмоқнинг қийрихон шуълаларини кўрардим».
Муҳаббат мангу мавзу. Ва энг гўзал асарлар муҳаббат ҳақидадир. Ҳерман Ҳессенинг тўпламга киритилган «Мармартарош» ҳикоясини ўқисангиз бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Ҳерман Ҳессе асарлари энг кўп ўқиладиган, энг кўп тилларда ўқиладиган дунё адибидир.
Шунингдек, тўпламга яна бир улуғ адиб Стефан Цвейгнинг «Нотаниш аёл мактуби» новелласи ҳам киритилган.
Азиз ўқувчи, тўпламдаги ҳар бир ҳикоя ҳақида таассуротларимни айтгим келяпти. Бу саҳифани кузатиб бораётганлар биладиларки, мен тавсия қилаётганим асл асарлар мазмуни ҳақида сўзлашни хоҳламайман. Чунки бу мутолаа завқига путур етказади, деб ўйлайман. Ўқилмаган асар кашф қилинаётган мамлакатдек, очилаётган янги ер каби сирли, ўзига тортиб туради. Мен ўқувчиларимиздан ана шу ҳузур, иштиёқни кетказишни истамайман.
Шундай бўлса-да, тўпламдаги бир ҳикояга диққатингизни тортгим кел-япти. Бу турк адиби Умар Сайфиддиннинг «Элчи» ҳикоясидир. Унинг таржимаи ҳолини ўқиб, бор-йўғи ўттиз олти йил умр кўрганини билдим. Қисқа умр. У ҳарбий мактабда ўқиган. Измир ва унинг атрофида беш йил офицер бўлиб хизмат қилди. Шеърлар битган, бадиий таржималар билан шуғулланган бўлса-да, унга ҳикоялари жаҳоний шуҳрат келтирди. Сиз унинг биргина «Элчи» ҳикоясини ўқиб кўринг-а, нима учун Умар Сайфиддинни дунё китобхонлари бунчалик севиб мутолаа қилишларини осонгина англаб оласиз.
Элчилик… Бу замонавий бугунги дунёда хатарли вазифа саналмайди, менимча. Барча амал қиладиган ўзига яраша қонун-қоидалар мавжуд. Аммо бу ерда воқеалар ўн олтинчи асрда кечади. Бугун учун ҳам ибратли, бугун учун ҳам лозим бўлган, ҳеч эскирмас буюк туйғу – ватанпарварлик бор, унда.
«Элчи»дан ўқиймиз: «Шайхулаъзамга адолат ҳисси бегона эмасди. Ғурури виждон овозига қарши чиқолмади. «Ҳа, – хаёлидан ўтди унинг, – кўнглимиздаги одам мана шу бўлади». Бундай довюрак зот Ватанига, халқига қилинган ҳақоратни кўтармайди, ўлимдан қўрқиб бош эгмайди».
Қани, имкон бўлса-ю, сизга бу ҳикояни сўзлаб берсам. Аммо уни ўзингиз ўқишингиз керак, фарзандлар даврасида ўқисангиз, ўғилларингиз қалбида мардлик ҳислари туғилади, қизларингиз қалбида мардларга буюк меҳр уйғонади.
Ўқиймиз: «Шоҳнинг юзи мурдадек оқарди: элчи ҳатто оёғини ўпмади! Ақлини мислсиз ғазаб чулғади-ю, бироқ ўзини босиб, ёрлиқни қўлига олди.
Муҳсин Чалабий тахтдан узоқлашиб, атрофга боқди. Ўтирадиган жой йўқ эди. Ўзича табассум қиларкан, «Гап бу ёқда денг! Шоҳ олдида эҳтиром-ла тик туришимни хоҳлабдилар-да! Бу ҳақоратга қандай жавоб қилсам экан?» деб ўйлади… Муҳсин Чалабий шартта эгнидаги пушти гавҳарли ҳирқани ечди-да, тахт қаршисига – ерга тўшади… Қимматбаҳо ҳирқага чордона қуриб, сўзлай бошлади. Овозидан жинлару аждарларнинг ажиб тасвирлари билан безалган олтин гумбазлар тит¬раб кетди:
– Ёрлиғини қабул қилиб олганингиз буюк подшоҳим Ўғуз Қорахон наслидандир… Дунё яралгандан бери аждодлари ҳукмдор ўтган подшоҳнинг элчиси ёт подшоҳ қаршисида тик туролмайди…
Сўзини тугатган Муҳсин Чалабий кетишга рухсат ҳам сўрамай ўрнидан турди-да, эшик томон йўналди.
Муҳсин Чалабий чиқиб кетаётган пайт шоҳ ўзи сингари қотиб қолган мулозимларидан бирига:
– Ҳирқасини бериб юборинг, – дея олди, холос.
…Муҳсин Чалабий тўхтади, юзида табассум жилваланди. Сўнг эшик томон бурилди-да, шоҳ эшитар қилиб сўзлади:
– Йўқ. Мен унутганим йўқ. Уни сизга қолдираман. Саройингизда буюк подшоҳнинг элчисини ўтқазишга на гилам, на тўшак кўрдим. Буни устига, турк ерга тўшаган нарсасини ҳеч замон қайтиб эгнига илмайди».
Аслида бу мўъжиза ҳирқага вазиру вузаро подшоҳга инъом этмоқ илинжида харидор эди. Муҳсин Чалабий ҳирқа учун ерини, қўтонини, уйини гаровга қўйган, тужжорлардан ўн минг олтин қарз кўтарган эди… Ватан шаъни бундай ҳирқалардан баланд туради!
Тўпламда том маънода дурдона ҳикоялар жамланган. Қайси бири ҳақида тўхталишни билмаяп¬ман. Эрнест Хемингуэй ҳикояси ўзи бир олам, Нажиб Маҳфуз қаҳрамонлари ҳам бизга ёт эмас. Михаил Шолоховнинг «Хол» ҳикояси кичик бўлса-да, шафқатсиз бир даврни акс эттира олган. Бу ҳикоя якуни қалбингизда симиллаган оғриқ уйғотади.
Сўзимни севимли адибим Нодар Думбадзенинг «Ҳелладос» ҳикоясидан парча билан якунлайман. Чунки бу парчадан кейин бир сўз қўшиш ортиқчадир!
Ўқиймиз: « – Қандоқ тушунтирсамикин… – деб гап бошлади ниҳоят. – Онам йўқ, ҳатто эслолмайман ҳам. Отам уззукун томорқада ёки тирикчилик ташвишида… Мен кўчада, Венециан кўчасида катта бўлдим… Менинг Ватаним, менинг Элладам бу – Сухуми, кўча, Чалбаш; бу – Кока, Петя, Курлика, Фема, Қора денгиз, кўприк… – У бир ютиниб олиб давом этди: – Бу – Мида… қолаверса, сен…
Миданинг исмини менинг олдимда Янгули биринчи марта тилга олаётганди. Аммо мен Мида – бир абхаз кишига турмушга чиққан грек аёлининг қизи эканини, Сухумида ундан гўзал қиз йўқлигини, Янгули уни яхши кўришини билардим.
– Тушундингми энди?
Аъзойи баданим жимирлаб кетди. Бунақа сўзларни умримда биринчи марта эшитаётгандим.
– Бу нима бўлмаса? – Мен Янгулининг кўкрагини очиб, баланд овозда ўқидим: – Ҳелладос.
– Бу – нақш, Жамол. Ватан – ичкарироқда, нақд юракнинг ўзида! – Янгули қўлини кўксига қўйди».
Инобат ИБРОҲИМОВА,
Мудофаа вазирлиги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти