Ватан байроғи қалбларга ғурур ва ифтихор бағишлайди
Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганига 29 йил тўлди.
Ватанимиз байроғи ғурур ва фахримиз, улуғ мақсадларимиз, халқимизнинг мустақиллиги, тинчлик ва озодлиги тимсоли ҳисобланади. Байроғимизга қанча таъриф берсак шунча оз. Лекин бугун бу ҳақда эмас, байроғимиз билан боғлиқ айрим чекловлар ҳақида гапирмоқчиман.
Маълумки, 29 йил илгари қабул қилинган қонунга 2010 йилнинг 24 декабрирда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Демак, ўн йилдан буён қонунга янгилик киритилгани йўқ. Менимча, ўзгараётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар байроғимиздан фойдаланишдаги айрим чекловларни олиб ташлаш заруратини туғдирмоқда.

Байроқдан фойдаланиш “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Хусусан, қонуннинг 5-моддасида байроқнинг доимий равишда давлатнинг қайси идоралари биноларида, мажлислар залида ҳамда раҳбарларнинг хизмат хоналарида туриши белгиланган. Шунингдек, давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. Байроқнинг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.
Аммо хорижий давлатлар тажрибасидан маълумки, фуқароларнинг байроқдан фойдаланишида деярли ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган ва Ўзбекистонда ҳам бундай таъқиқларни олиб ташлаш вақти келди. Бу халқимизнинг, ёшларимизнинг байроғимизга бўлган ҳурматини янада ошириши билан бирга, қалбимизда ғурур, ифтихор туйғуларини юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Нима учун уйимнинг тўрига ёки фарзандларим дарсхонасига Ватаним байроғини илиб қўйишим мумкин эмас? Машинамга кичик байроқчани илдириб қўйишимнинг нимаси ёмон? Барча таълим масканлари (олий таълим муассасалари, коллеж, мактаб, боғчалар), дарс ва машғулот хоналарига байроғимизнинг ўрнатиб қўйилиши миллий ифтихоримиз, ғуруримизнинг гўзал ифодаси эмасми?! Қолаверса, бу ҳолат ёшлар қалбида давлат рамзларига нисбатан эътиқод ва ҳурмат туйғусини оширади, мустаҳкамлайди.
Кейинги пайтларда байрам кечаларида ёшларимизнинг байроқларни кўтариб олганча байрам намойишларини ўтказиш анъанага айланди. Уларнинг байроғимизни кўкларга кўтариб, “Ўзбекистон, Ўзбекистон!” дея олқишлаганлари юрагида Ватан туйғуси бўлган ҳар қандай юртдошимизнинг қалбига ғурур, ифтихор бағишлайди. Хўш, бунинг нимаси ёмон?
Бироқ қонунан қаралганда бу мумкин эмас. Аммо бундай ҳаракатларни ҳеч ким чеклаётгани ҳам йўқ. Шундай экан, қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга нима халақит беряпти?
Хорижга экспорт қилинаётган миллий маҳсулотларга ҳам байроғимиз рамзи туширилишига рухсат берилиши лозим. Бу мамлакатимиз байроғини дунёга янада кенгроқ танитиб, давлатимиз имижини оширишга, шунингдек, миллий брендларимизни танитишга хизмат қилади.
Албатта, ҳар қандай шароитда байроғимизнинг қадр-қимматига путур етказмаслик, унинг нуфузига дахл қилмаслик қатъиян белгиланиши шарт. Ҳатто бу борадаги жавобгарлик янада кучайтирилиши лозим.
Хуллас, ҳар қадамда байроғимиз ҳилпираб турсин. Ҳар қадамда унинг кучини, қудратини ҳис қилиб яшайлик!!!
Жаҳонгир ЗИЯЕВ, ЎзМТДП депутати