Вашингтондан айблов, Пхеньяндан ракета намойиши
Шимолий Корея крипто валюта бозоридаги йирик ўғирликка алоқадорлик ҳақидаги айбловини кескин инкор этди. Гап “Binance” биржасидан 5,3 миллиард евро атрофида маблағ ўғирланиши ҳақида. АҚШ Федерал қидирув бюроси ҳужум ортида Пхеньян билан боғлиқ “Trader Traitor” хакерлар гуруҳи турганини маълум қилган эди. КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон бу даъвони “жиддий сиёсий иғво” деб атади.
Кибер ҳужум атрофидаги баҳс авж олаётган бир пайт Пхеньян стратегик қанотли ракетасини синовдан ўтказди. Корея марказий ахборот агентлиги хабар беришича, мазкур ракеталар кластер жанговар қисми билан жиҳозланган бўлиб, 5-6 гектар майдондаги нишонни йўқ қилиш қобилиятига эга. Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён сунъий интеллект ривожи кибер таҳдидни кучайтираётганидан огоҳлантириб, рақамли инфратузилма ҳимоясини мустаҳкамлашга чақирди.
БМТнинг 2024 йилги ҳисоботига Корея Халқ Демократик Республикаси кибер ҳужумдан келаётган маблағни оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқишга сарфлаётгани ҳақида маълумот киритилган. Ҳарбий таҳлилчилар бу галги синовни ҳам минтақадаги кучлар мувозанати нуқтаи назаридан баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, бундай қуроллар Жанубий Корея ва АҚШ аэродром ва радарлари ҳамда ҳаво мудофааси манзилларига хатар туғдиради. Пхеньян эса ракеталарни ядровий қурол қўлланишидан олдинги босқичда қўшимча тийиб туриш воситаси сифатида кўрсатяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА