Европада кибер ҳужум сабаб, тонналаб озиқ-овқат чиқиндига ташланди
Европанинг бир нечта мамлакатидаги супермаркетлар музлаткич тизимига уюштирилган хакерлик ҳужуми оқибатида йирик миқдордаги озиқ-овқат маҳсулоти яроқсиз ҳолга келди ва чиқиндига ташланди. Бу ҳақда “The Times of India” хабар берган.
Ҳужумчилар совутгич ва музлатгичлар ҳароратини масофадан туриб оширган. Баъзи манбаларга кўра, Бельгиядаги маҳсулот сақлагичларда ҳарорат чамаси 70 даража иссиққача кўтарилган. Оқибатда “Delhaize” ва “Carrefour”, шунингдек Швециядаги ICA ва “Coop”, Ирландиядаги “Super Valu” ҳамда Эстониядаги бир неча йирик савдо тармоғи жиддий зарар кўрган. Масалан, “Super Valu”нинг 13, “Delhaize”нинг 40 ва “Carrefour”нинг 15 дўконида муаммо юзага келган.
Дастлабки ҳисобга кўра, “Delhaize” брендига тегишли фақат биргина дўкондан чиқиндига ташланган маҳсулот қиймати 100 000 еврога тенг. Жабрланган барча мажмуалар бўйича умумий зарар миқдори бир неча миллион еврога етади.
Европа Комиссияси қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат бўйича комиссари Кристоф Хансен ушбу ҳодисани ЕИ озиқ-овқат таъминотини издан чиқариш ва истеъмолчилар ишончини сўндиришга қаратилган қасд, дея баҳолади. У ҳозир озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таҳдид йўқлиги, аммо исроф бўлган маҳсулот миқдори жуда кўплиги, бизнесга етказилган зарар ўта жиддий эканини таъкидлади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА