Вашингтон қаноти остидаги Киев: ёрдам ва кафолат ишончлими?
Украина ҳаво мудофааси тизимини кучайтириш учун АҚШ Киевга 500 та “Patriot PAC-3” ракета-тутгич сотадиган бўлди. Президент Владимир Зеленский Вашингтоннинг ушбу қарорини муҳим қадам сифатида баҳоласа-да, қурол-яроқ етказиб берилиши бир неча йилга чўзилиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Унинг таъкидлашича, ракеталар айниқса 2026-2027 йил қиш мавсумида жуда зарур.
Давлат департаменти тасдиқлаган келишув қиймати 2,1 миллиард долларга тенг. Зеленский захирадаги мавжуд ракеталарни ҳозироқ Украинага бериш, ҳамкорлар аслаҳа омборини эса кейинги йиллари ишлаб чиқариладиган маҳсулот билан тўлдириш таклифини берди. Киев Россиянинг ракета ва дрон ҳужуми, айниқса энергетика инфратузилмасига қаратилган зарбадан ҳимояланиш учун қўшимча ҳаво мудофааси воситаларига эҳтиёж сезмоқда.
“Patriot” тизими самолёт ва баллистик ракета каби ҳаво таҳдидини бартараф этишга мўлжалланган. Украина бундай қурилмаларнинг асосий қисмини НАТОдан PURL ташаббуси орқали олади. Мазкур механизм иттифоқчиларга АҚШдан Украина учун зарур ҳарбий техника ва ўқ-дорини молиялаштириш имконини беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА