Туркий дунё дипломат аёллари бирлашади
Анқарада бўлиб ўтган Туркий дунё мулоқоти форуми доирасида "Турк дунёси дипломатиясида аёллар" мавзусида шўъба муҳокамаси бўлиб ўтди. Тадбир сиёсий дипломатияда хотин-қизларнинг ўрни, давлатлар аро мулоқотни кенгайтириш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.
“Кабар” ахборот агентлигининг хабарига кўра, Туркия Президенти маъмурияти Коммуникация бошқармаси томонидан ташкил этилган анжуманда аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки халқларимиз ва умумтуркий цивилизациянинг тарихий маънавий меросида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Иштирокчилар фан, таълим, дипломатия ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар имкониятини кенгайтириш учун умумий саъй-ҳаракатни бирлаштириш зарурлигига алоҳида урғу бердилар. Хусусан, Қирғизистон Миллий фанлар академияси вице-президенти, фалсафа фанлари доктори, профессор Гулнора Ботоканова минтақа мамлакатлари фанлар академиялари негизида Туркий дунё олима ва инноватор аёллари тармоғини яратиш таклифини илгари сурди. Ушбу платформа қўшма тадқиқот лойиҳалари, малака ошириш дастурлари ишлаб чиқиш, илм-фан, таълим, инновация соҳаларида тажриба алмашиш имконини беради.
Шунингдек, академик ва дипломатик мобиллик дастурлари кўламини кенгайтириш, грантлар сонини кўпайтириш, ёш тадқиқотчи аёллар, дипломатлар ва жамоатчилик фикри етакчилари касбий алмашинувини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Туркий дунё маънавий-маданий меросини асраб-авайлаш ва оммалаштириш ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида белгиланди. Бу жараён анъанавий қадриятларни хотин-қизлар ҳуқуқи ва имконияти билан боғлиқ замонавий тушунчалар билан уйғунлашган қўшма маданий-гуманитар лойиҳалар амалга оширилишини таъминлайди.
Ботоканованинг сўзларига кўра, айни йўналишда шерикликни кучайтириш умумий гуманитар макон шакллантириш, касбий алоқаларни кенгайтириш, давлатларимиз ижтимоий ва халқаро ҳаётида аёллар ролини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама иштирокчилари дипломатия фаолияти ва қарор қабул қилиш жараёнида аёллар иштирокини кучайтириш муҳимлигини таъкидлаб, туркий дунё маъсумалари умумий қадрият ва мақсадга таянган ҳолда минтақа ривожига янада салмоқли ҳисса қўшишига умид билдирдилар.
А.Маматов, ЎзА