Эрон АҚШга 7 шарт қўйди
Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Али Боғирий маълум қилишича, АҚШ билан жиддий ва адолатли музокара бошланиши учун Вашингтон Эрон томонидан илгари сурилган 7 шартни қабул қилиши ва тўлиқ бажариши керак.
Таъкидланишича, бу талаб АҚШ илгари мажбуриятини қайта-қайта бузгани ҳамда дипломатик жараёнга зид ҳаракат қилгани сабабли кун тартибига қўйилган. Хусусан, ўтган баҳорда беш босқичли музокарадан сўнг Вашингтон ҳарбий ҳаракатни бошлаган, кузда дипломатик алоқа давом этаётган бир пайт келишув тамойилига зид қадам ташлаган, қишда эса алоқа сақланиб турганига қарамай, Эрон Олий раҳбари Али Ҳумонаийга қарши суиқасд уюштирган.
Боғирий огоҳлантиришича, агар муайян шарт бажарилмаса, Вашингтон фақат ўз сиёсий манфаати ва сайлов учун вақтинча битим тузишга уриниши, кейинчалик яна сиёсий босим ва ҳарбий аралашув сиёсатига қайтиши мумкин.
Шу боис, Ислом Республикаси раҳбарияти томонидан Америка маъмуриятига етказилган талаб сифатида денгиз қамалини бекор қилиш, Ҳурмуз бўғози орқали савдо ва нефть кемалари хавфсиз ўтишини таъминлаш, бир томонлама санкцияни бекор қилиш, нефть экспорти учун истисно бериш, Теҳроннинг музлатилган маблағини ечиш, ядровий материалларни мамлакат ҳудудида сақлаб қолиш ва урушни тўхтатиш каби масалалар илгари сурилган.
Хуллас, Эрон томони ушбу талаблар тўлиқ бажарилган тақдирдагина Вашингтон билан жиддий музокара ўтказиш имкониятини кўриб чиқишга тайёр.
Ф.Яхшибоева, ЎзА