Вақт синовидан ўтган дипломатия: Ўзбекистон ташқи сиёсатининг 35 йиллик йўли
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ташқи сиёсати бир неча босқичли тараққиёт йўлини босиб ўтди. Дастлаб миллий суверенитетни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллаш устувор вазифа эди. Кейинчалик хавфсизлик, геосиёсий мувозанат, минтақавий ҳамкорлик ва дунёга очиқлик ташқи сиёсий фаолиятнинг асосий мазмунига айланди. Айниқса, сўнгги йилларда Марказий Осиёда яқши қўшничиликни ривожлантириш, транспорт-логистика, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар Ватанимиз тарихида янги саҳифа очди.
- Хўш, Истиқлолнинг 35 йиллик даврида мамлакат ташқи сиёсати қандай босқичларни босиб ўтди?
- Турли тарихий шароит ва геосиёсий ўзгаришлар ташқи сиёсий устуворликка қай даражада таъсир кўрсатди?
- Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати қайси тамойилларга таянади ва бу жараён халқаро миқёсда қандай аҳамиятга эга?
ЎзА мухбири Марказий Осиёдаги интеграция жараёни, шунингдек Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва эришилаётган муҳим сиёсий-дипломатик ютуқларимиз хусусида сиёсий фанлар доктори, профессор Фарход Каримов фикрларини ёзиб олди.
– Ўзбекистон ташқи сиёсати шаклланиши, ривожланиши жараёнини шартли равишда тўрт босқичга бўлиш мумкин.
Биринчи – Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан боғлиқ илк йиллардан бошлаб, асримиз бошига қадар бўлган давр. Бу давр – миллий суверенитетни мустаҳкамлаш, дунё давлатлари ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан республикамиз суверенитети ва мустақиллиги тан олинишини таъминлаш давридир.
Яъни, 1991-2000 йиллари мамлакатимиз ўз чегараларини халқаро миқёсда расмийлаштирди, тан олдирди, демаркация ишлари амалга оширилди, ҳудудлар аниқланди ва дунё сиёсий харитасида Ўзбекистоннинг аниқ чегаралари давлат сифатида белгиланди.
Эътиборлиси, айнан шу босқичда Ватанимиз БМТ ва бошқа қатор нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо бўлди. Қисқа муддат ичида юздан ортиқ давлат билан дипломатик муносабат ўрнатилди. Қирққа яқин ўлкада элчихона, дипломатик ваколатхоналаримиз очилди. Ўзбекистонда ҳам қирққа яқин давлат дипломатик ваколатхонаси очилди, юртимиз дунёга танила бошланди ва мустақил давлат сифатида эътироф этилди.
Табиийки, давлат бошқаруви фаолиятида турли моделлардан тажриба ўрганилди, андоза олинди. Натижада ўн йилликнинг биринчи даврида диёримиз ташқи сиёсатининг “Ўзбек модели” шаклланди. Шу асосда иқтисодий мустақилликни таъминлаш, ташқи мафкуравий таъсирдан ҳимояланиш тамойили ишлаб чиқилди, тегишли концепциялар мамлакатимиз ташқи сиёсати модели сифатида тарихдан жой олди.
Иккинчи давр – 2000-2010 йилларда Марказий Осиёда геосиёсий таранглик ва рақобат кучайди. Дунё геосиёсий кучлари ўртасида ва Марказий Осиёда хавфсизликка таҳдид, хусусан терроризм, экстремизм хавфи кучайиши кузатилди. 1999 йил Тошкентда содир этилган қатор террор ҳаракатлари, Афғонистонда яна уруш авж олиши билан боғлиқ воқеалар мамлакатимиз ташқи сиёсатида ҳам туб бурилишга сабаб бўлди, албатта. Фикримча, бу давр геосиёсий прагматизм ва юртимиз ташқи сиёсатида хавфсизликка урғу берилган йиллар сифатида тарихда қолди.
Бу минтақавий барқарорликни таъминлаш, йирик куч марказлари – АҚШ, Россия, Хитой билан муносабатни бир хилда ушлаб, мувозанатни сақлаш даври, дейиш мумкин. Айнан Америка Қўшма Штатларининг 2001 йилги воқеалардан кейин Афғонистонда бошлаган ҳарбий ҳаракати ва амалиётида Ўзбекистон – АҚШ муносабати жиддий синовдан ўтди. Яъни, АҚШ бошчилигидаги коалицияга Хонободдаги ҳарбий аэродром берилиши ташқи сиёсатимиз учун ўзига хос синов бўлди. Россия ва Хитой билан муносабатда янги меъёрлар шаклланди. 2005 йилдаги Андижон воқеалари сабаб Ғарбдан узоқлашиш, хусусан АҚШ билан бироз совуқлик юзага келди. Айни омиллар туфайли республикамиз ташқи сиёсатида янги принциплар қабул қилинди ва шартли равишда учинчи босқич бошланди.
Учинчи босқич – 2010-2016 йилларда эҳтиёткорона ташқи сиёсат шаклланди. Бу – консерватив давр, яъни аниқ қоидалар белгиланди, ўзига хос “музлик даври” юзага келди. Яъни, бироз ёпиқ давр келди, эҳтиёткорлик ҳаддан ташқари кучайди. 2012 йил Ташқи сиёсий фаолият концепцияси қабул қилинди: Ўзбекистон турли хил ҳарбий-сиёсий блокларга аралашмаслиги, ўз ҳудудида ҳеч қандай хорижий ҳарбий базалар жойлаштирилишига йўл қўймаслиги ва хориждаги тинчликпарвар операцияларда ҳам иштирок этмаслиги қатъий белгиланди.
2016 йилдан кейинги йиллар ташқи сиёсатимиздаги мутлақо янги давр ҳисобланади. Эътиборлиси, Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг янги позицияси шакллангани, дунёга очиқлик, прагматизм, фаол минтақавий интеграция туфайли халқаро миқёсда эътироф этилган Ватанимиз ташқи сиёсатининг бу даври ҳозир ҳам давом эттириляпти. “Янги Ўзбекистон даври” сифатида талқин этилаётган, жуда кўп халқаро ташкилотлар ҳамда давлатлар томонидан тан олинган бу даврда ташқи сиёсат учун асосий принцип белгиланди – Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши сифатида эълон қилинди.
Шу концепция асосида қўшни давлатлар билан чегара ва сув масалалари ҳал қилинди. Кўплаб сиёсий таҳлилчилар, халқаро экспертлар Марказий Осиёда айнан ҳудудий, чегаравий ва сув масалалари туфайли низолар авж олади, деган тахминларни илгари сурган эди. Бинобарин, айнан юртимизнинг прагматик, очиқ сиёсати ва минтақа давлатлари билан дўстона алоқалар ўрнатиши ортидан бу масалалар тинч йўл билан ҳал этилди.
Масалан, айрим давлатлар билан ҳатто чегаралар ёпиқ эди. Тожикистон ва Қирғизистонга ўтиш масаласи доим муаммо бўлиб келган. Энди эса азалий қардош халқлар ҳеч қандай муаммосиз у давлатдан бу давлатга бемалол ўтиб-қайтмоқда. Божхона амалиёти соддалаштирилди, виза тартиби енгиллаштирилди. Мамлакатимиз айнан шу ўзгаришлардан кейин халқаро туризм ва инвестиция учун очиқ давлат сифатида эълон қилинди. Бу ҳолат юртимизга халқаро инвесторларни кенг жалб қилмоқда.
Халқаро ташкилотлар билан музлатиб қўйилган ёки секинлашган муносабат фаоллашди. Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа қатор тузилмалар билан мулоқот ва интеграция жараёни бошланди. Кўп қиррали сиёсат доирасида бир вақтнинг ўзида Марказий Осиёдаги геосиёсий кучлар мувозанатини ушлаш ҳам долзарб вазифа эди. Ўзбекистон 2016 йилдан кейин мазкур вазифани зиммасига олди ва бир вақтнинг ўзида Ғарб ва Шарқ, хусусан Россия, Хитой, Европа, Америка Қўшма Штатлари ёки минтақавий кучлар – Туркия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон билан мувозанатли муносабат ўрната олди. Кўплаб давлатлар билан муносабат олий даражадаги стратегик ҳамкорлик босқичига чиқарилди. Бу мустақил Ўзбекистоннинг ўттиз беш йиллик давридаги асосий тараққиёт босқичи, деб атасак муболаға бўлмайди.
2016-2025 йиллар оралиғида ўлкамизнинг қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан кўп ошиб, ҳозирги кунда деярли 8,5 миллиард долларни ташкил этмоқда. Минтақа давлатлари капитали иштирокида юртимизда ташкил этилган корхоналар сони охирги ўн йилликда етти баробар кўпайиб, икки мингдан ошган.
Интеграциянинг янги формати сифатида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви йўлга қўйилди. Бу формат бюрократиясиз, ҳар хил қолипларсиз мулоқот тизими бўлиб, жуда кўп минтақавий муаммоларни ҳал қилиш учун асосий платформага айланди. Эслатиб ўтиш жоиз, айнан шу платформа доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаравий муаммолар ҳал этилди.
Умуман, бу давр интеграциялашган ташқи сиёсатни бошлаб берган йиллар сифатида тарихимизда қолади. Зеро, айнан шу даврда дунёнинг етакчи куч марказлари билан ўндан ортиқ мулоқот формати, хусусан “Марказий Осиё плюс” (C5+1) форматлари орқали муносабатлар ривожланди. АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея каби давлатлар билан учрашувлар янги форматда, янги мулоқот тизимида йўлга қўйилди.
Бундан ташқари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида Ўзбекистон жуда кўп ташаббусларни илгари сурди. Масалан, айнан шу давр ичида мамлакатимиз ташаббуси билан ўнга яқин муҳим резолюция БМТ томонидан қабул қилинди. Яъни, Ўзбекистон бу ҳужжатларнинг ташаббускор муаллифи сифатида қайд этилди. Шу вақтга қадар фақат Россия билан иттифоқчилик муносабатига эга эдик. Айнан охирги ўн йилликда давлатимиз раҳбарининг прагматик ташқи сиёсати ва очиқлик модели таклиф этилгандан кейин яна тўрт давлат – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон билан муносабат иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Яна бир муҳим жиҳат – чегаравий ва стратегик лойиҳалар амалга оширилишидир. Йиллар давомида бизни қийнаб келган жаҳон савдо бозорига чиқиш учун транспорт-логистика масаласи ҳам айнан шу даврда ҳал қилина бошланди. Бу борадаги энг йирик лойиҳа сифатида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қайд этиш мумкин. Айнан шу темир йўл қурилиши бошланиши ҳам охирги ўн йиллик даврда амалга оширилди.
Энергетика кооперацияси доирасида Қирғизистондаги Қамбарота-1 ҳамда Тожикистондаги Зарафшон ГЭС қурилишида Ўзбекистоннинг иштироки таъминланди. Бундай муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланяпти. Зеро, бир вақтлар айнан шу ГЭС ва тўғонлар туфайли Марказий Осиё давлатлари бир-бири билан қарама-қарши бўлиб қолган эди. Бугун эса бу лойиҳалар бирга амалга ошириляпти. Муаммоларни ҳал қилишнинг Янги Ўзбекистон модели намоён бўлмоқда.
Умуман, 35 йиллик тарихимиз учун, айниқса, охирги ўн йилликда оламшумул ютуқлар қўлга киритилди, йирик лойиҳалар амалга оширилди. Бошқача айтганда, ташқи сиёсатимизда ҳал қилувчи аҳамият касб этган, Ўзбекистон тараққиёти учун тамал тоши қўйилган мазкур босқич ёрқин келажак учун мустаҳкам пойдевор бўлишига шубҳа йўқ.
Ўткир Алимов ёзиб олди.
ЎзА