Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси ғолибларига гувоҳномалар топширилди
Ўзбекистон Бадиий академиясида Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси ғолибларига мазкур стипендия гувоҳномасини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда истеъдодли ёшлар, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, улар эришаётган ютуқларни рағбатлантириш ва муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун алоҳида давлат стипендиялари тайинланяпти.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21апрелда қабул қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган иқтидорли ва ижодкор талабаларни моддий ва маънавий муносиб қўллаб-қувватлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш вазифаси белгиланди.

Стипендия тайинлашда талабгорнинг олий таълим муассасасидаги таҳсил даврида вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги шахсий кўргазмасини ташкил этгани, соҳа бўйича халқаро ва республика даражасидаги кўргазма, биеннале, фестиваль, симпозиум, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришгани, ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштиргани, ўзбек миллий санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси инобатга олинади.

Жорий йилда олтинчи бор Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан олий таълим муассасаларининг иқтидорли ва ижодкор талабалари учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси танлови ўтказилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тузилган Эксперт гуруҳининг қарорига асосан 7 нафар иқтидорли талаба тегишли таълим йўналишлари бўйича Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини қўлга киритди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур иштирок этди ва талабаларга ушбу давлат стипендияси гувоҳномасини топширди.
Гулноза Бобоева, ЎзА