Вақт амри – ислоҳот ва янгиланиш йўли
Мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳот, янги Конституция лойиҳасига киритилган ўзгаришлар юзасидан навбатдаги суҳбатдошимиз – ЖИДУ қошидаги Дипломатик академия директори, сиёсий фанлар доктори, профессор Абдусамат Ҳайдаров.
— Кейинги йилларда халқаро муносабатда юз бераётган турли хил воқеалар мамлакатимиз тараққиётига қанчалик таъсир қилади ва Конституциямизнинг янгиланиши бу жараён билан қай даражада боғлиқ?
— Дарҳақиқат, сўнгги йигирма йил ичида халқаро муносабатда ва жаҳон иқтисодиётида жиддий, аҳамиятли ўзгаришлар рўй берди. Айни жараён гирдобли ҳаракат кучайиб бориши, ривожланишини олдиндан айтиш қийинлиги билан ажралиб туради. Глобал миқёсда жаҳон сиёсати етакчилари иштирокидаги зиддият кучайиши натижасида шаклланган халқаро муносабат мураккаблашуви, шубҳасиз, сиёсий жараён ва хўжалик алоқаси ривожланишига, шунингдек, жаҳон ҳамжамияти бошқа аъзоларининг ташқи сиёсат эволюциясига ҳам таъсирини кўрсатади.
Ҳал этилмаган минтақавий муаммолар жаҳон сиёсатининг умумий манзарасида салбий кўриниш ҳосил қилди. Яқин вақтгача Марказий Осиё ҳам шундай минтақалардан бири эди.
Мантиқан, халқаро муносабат мураккаблашуви, жаҳон ҳамжамиятининг кўплаб аъзолари учун ўзига хос чақириққа айланди, бу эса барқарор ривожланиш учун қулай шарт-шароитни сақлаб қолиш йўлида, миллий, минтақавий ҳамда глобал миқёсда ушбу чақириқлар билан курашда янги ёндашув, муқобил йўл излашни талаб қилди.
Ушбу мураккаб жараённи тушуниш, мустақилликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш учун қулай шарт-шароит яратиш манфаатини ифодалаш 2016 йил Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган барча жабҳаларни ўзгартиришга қаратилган йўлнинг асосини ташкил этади. Қисқа вақт ичида ишлаб чиқилган ва 2017 йил февралида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизни жаҳон сиёсати ва иқтисодиёти перифериясига чиқиб қолишдан сақлади ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилди.
Бу Стратегия барқарор ривожланиш учун қулай шарт-шароит яратиш йўлининг мантиқий давоми бўлиб, ўз навбатида, ҳозирги конституциявий ислоҳотларнинг объектив заруратини шарт қилиб қўйди.
- Республикада барча соҳаларни ислоҳ қилиш давом этмоқда. Абдусамат Аҳатович, фикрингизча мазкур жараён Ўзбекистон ташқи сиёсатининг вазифаси нимада кўринади?
- Ҳаммага маълумки, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли дастур мақсади мамлакатимиз аҳолиси тинчлик ва фаровонлик даражасини изчил ошириб боради. Бунга барқарор ривожланишсиз эришиб бўлмайди. Республикамиз ташқи сиёсатининг асосий вазифаси ҳам шундан маълум бўлади. Бу вазифа мураккаб замонавий ва баъзан олдиндан айтиш қийин бўлган халқаро муносабатда мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун ташқи қулай шарт-шароит яратишдан иборат.
Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев томонидан республиканинг ташқи сиёсат стратегиясини мукаммаллаштириш, бу соҳада фаолиятнинг янгиланган концепциясини қабул қилиш ва барқарор ривожланиш учун зарур шарт-шароитни таъминлашга қодир самарали ташқи сиёсат юритиш вазифа сифатида қўйилди.
- Республикамиз замонавий ташқи сиёсатининг асоси янгиланган Конституция лойиҳасида акс этдими?
- Ўзбекистон замонавий ташқи сиёсати асосий тамойили янгиланган Конституция лойиҳасининг 17-18-моддаларида ўз аксини топди. Хусусан, 17-моддада Республика ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслиги ёки куч билан таҳдид қилмаслиги, чегаралар мустаҳкамлиги, ҳудудий бутунлиги, низоларни тинч йўл билан тартибга солиш, бошқа давлатлар ички ишига аралашмаслик тамойилига асосланади.
18-моддада қайд этилганидек, Республика давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсат юритади.
Энг муҳим тамойиллардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан кўп йиллик чегаравий, ҳудудий ва сув-энергетика муаммоларини ҳал этиш учун изчил саъй-ҳаракатни ишга солди. Биргина 2016 йил охирида Ўзбекистон барча қўшнилари билан чегарани делимитация ва демаркация қилиш масаласи бўйича янги музокара жараёнини бошлади. Бугунги кунга келиб, ушбу масалаларнинг аксарияти ҳал этилган ёки ҳал этилишнинг якуний босқичида турибди.
Мураккаб масалалар ижобий ҳал этилганига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон ва Тожикистон давлатларига ташрифи натижаларини мисол қилишимиз мумкин. Бу ташрифларда чегара масаласи бўйича кўп йиллик келишмовчилик ҳал этилди.
Қозоғистон ва Туркманистон билан ўзаро муносабатда ҳам аҳамиятли ютуқларга эришилди. Минтақада мавжуд кўп йиллик мауммоларнинг ҳал этилиши минтақа мамлакатлари билан савдо ҳажмини жиддий равишда ошириш имконини берди. Қозоғистон билан савдо айланмаси сўнгги йилларда икки баробар ошиб, 4 миллиард долларга етган бўлса, Қирғизистон билан саккиз баробар ошиб, 1,3 миллиард долларни ташкил этди. Шубҳасиз, Ўзбекистон бундай ёндашувни нафақат Марказий Осиё давлатлари билан, балки бошқа давлатлар, бошқа минтақалардаги анъанавий шериклари билан сақлаб қолган.
- Яқинда Дипломатик академияси Деҳлида бўлажак референдумга бағишланган тадбирда иштирок этди. Ҳиндистон, шунингдек, бошқа давлатлар вакиллари Ўзбекистонда Республиканинг янгиланган Конституция лойиҳаси бўйича референдум билан боғлиқ воқеаларни қандай баҳолаётгани қизиқ, албатта.
- Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси билан бирга апрель ойи ўрталарида ташкил этилган давра суҳбатида олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди. Ҳиндистон матбуоти бўлажак референдумни ижобий баҳолаб, Конституцияни янгилашнинг объектив зарурати ва айни пайтида эканини таъкидлади.
Шу билан бирга Дипломатик академия Ҳиндистоннинг “Ҳиндистон-Марказий Осиё” фонди томонидан ташкил этилган “Марказий Осиё: Евросиёга назар” мавзусидаги халқаро семинарда иштирок этди. Анжуманда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, шунингдек Россия олим ва экспертлари ҳам қатнашди. Семинарда Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигининг янги муҳити яратилган муваффақиятли ўзаро ҳаракати, шунингдек, замонавий босқичда Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақалараро ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш масалалари ёритилган маърузалар тингланди.
Бундан ташқари, Конституция янгиланиши билан боғланган мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур сиёсат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил, меъёрларига асосланиши таъкидланди. Шу ўринда Марказий Осиё, хусусан, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон вакилларининг чиқишида икки томонлама муносабатдаги кўп йиллик муаммоларни ҳал этиш ва минтақада самарали ҳамкорлик йўлга қўйиш имконини берган Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган янгиланган ташқи сиёсат борасида ижобий фикрлар айтилди.
Шу билан бирга, Дипломатик академия томонидан “Ҳиндистон-Марказий Осиё” фонди ва "India Blooms" ҳиндистон ахборот агентлиги сайтларида жойлаштирилган «Current Foreign Policy of Uzbekistan and Constitutional Reform» номли мақола тайёрланди.
Бундан ташқари фурсатдан фойдаланиб, Дипломатик академия Россиянинг Европа-Осиё тадқиқотлари маркази ва мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси билан бирга жорий йил 20 апрелда янгиланган Конституция масаласи бўйича референдумга бағишланган давра суҳбати ўтказганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Россиянинг Европа-Осиё тадқиқотлари маркази директори А.Русаков сўзларига кўра, Ўзбекистонда Конституцияга ўзгариш киритиш бўйича референдум мамлакатнинг Марказий Осиёда ҳақиқий етакчи сифатида шаклланишига замин яратади. Қирғизистоннинг “Ой Ордо” эксперт ташаббуслари маркази раҳбари Игорь Шестаков фикрича, айнан Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон кўплаб мамлакатлар учун намунага айланди. Республика МДҲда кун тартибини белгилаш ва икки томонлама ҳамкорликни жадал ривожлантиришда фаоллик кўрсата бошлади.
Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, умуман, меъмори Президент Шавкат Мирзиёев бўлган Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўли ва ташқи сиёсати ана шундай мураккаб ва таҳликали даврда мамлакат барқарор ривожланиши учун қулай шароитни яратиш ва таъминлашга қаратилган.
Суҳбатни ЎзА мухбири Аброр Ғуломов олиб борди.