“Вақф” фондининг 111 миллиард 751 миллион сўмдан зиёд маблағи диний соҳа ходимларини моддий қўллаб-қувватлашга сарфланган
“Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари масжидларни ободонлаштириш, унда хизмат кўрсатаётган имом-хатиб ва ноиблар, мутаваллиёт ва муаззинларга моддий-маънавий кўмак бериш ҳамда аҳоли ўртасида мурувват, саховатлилик туйғуларини янада оширишга кўмаклашишдан иборат. Кам таъминланган, моддий кўмакка эҳтиёжи бор оилаларга ёрдам бериш ҳам кўзда тутилган.
Фонд ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров маълумотига кўра, фонд томонидан 2023 йилнинг ўтган 9 ойи давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар, ноиб-имомлар, мутаваллилар, муаззинлар ва зиёратгоҳлар ходимлари учун 17 миллиард 122 миллион сўм , шундан, тиббий муолажа, фарзандларининг ўқув шартнома тўловлари, уйи ёнган ва бошқа зарурий ҳолатлар юзасидан фондга мурожаат қилган масжидлар ва фондга бириктирилган зиёратгоҳлар ходимларига 560 миллион сўм маблағ ажратилган.
Мутахассисга кўра, умумий ҳисобда фонд ташкил топгандан бугунга қадар 111 миллиард 751 миллион сўмдан зиёд маблағ масжидлар ва фондга бириктирилган зиёратгоҳлар ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида сарфланган бўлиб, келгусида бу йўналишда янада кенг кўламли хайрия лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА